Охирги олти ой давомида Қозоғистонда Ғарб давлатлари томонидан Россияга нисбатан жорий қилинган санкциялар режимини бузадиган биронта ҳам компания аниқланмаган. Бу ҳақда республика Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев Сенат йиғилишида маълум қилди, деб ёзади Курсив.kz.
Вазирнинг таъкидлашича, бу борада ўтган йил ноябрь ойида Остонага амалий ташриф билан келган Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Қозоғистон билан ҳамкорлик даражасидан мамнунлигини билдирган.
«Жаноб О'Салливан халқаро экспорт назорати бўйича мажбуриятларимиз бажарилиши билан боғлиқ ишларни ташкил этиш даражасидан қониқиш ҳосил қилганди. (...) Айтишим мумкинки, бугунги кунда Қозоғистон ўз мажбуриятларини тўғри бажармоқда», — дея таъкидлади Шаққалиев.
«Товар айирбошлаш бор, биз буни яширмаймиз. Аммо Ғарбдаги ҳамкорларимиз ва интеграция бирлашмаларимиз томонидан рўйхатлар тузатилмоқда. Шу боис экспорт назоратидаги маҳсулотларимиз рўйхати ҳам тузатилмоқда. Улар рўйхатда (санкцияланган товарлар – таҳр. изоҳи) пайдо бўлганидан кейин маъмурийлаштирилади», — дея қўшимча қилди у ва энди товарларни назорат қилиш тизими мамлакат ўз мажбуриятларини бузмайдиган тарзда қурилганини таъкидлади.
Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари илк бор 2014 йили жорий қилинган ва шундан сўнг йилига икки марта – январь ва июль ойларида – олти ойга узайтирилади. 2022 йил 24 февралдан бошлаб, Россия Украинада махсус ҳарбий операция бошланганини эълон қилганидан сўнг, ушбу режим доирасида 11 та чекловчи чора-тадбирлар пакети жорий этилди. Бироқ, оммавий ахборот воситалари ёзганидек, Россияга етказиб бериш тақиқланган товарлар ушбу мамлакатга МДҲдаги қўшнилари орқали киришда давом этмоқда.
2023 йил сентябрь ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Германияга ташрифи чоғида Остона Ғарб давлатлари томонидан Россияга нисбатан жорий қилинган санкциялар режимига амал қилаётганини маълум қилганди. Шу билан бирга, 20 октабрь куни Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги мамлакат расмийлари Россияга қарши санкциялар муносабати билан РФга ҳеч қандай товар олиб чиқишга тақиқ қўйилмаганини маълум қилганди. Кейин вазирлик Қозоғистон ва Россия ўртасидаги савдо муносабатларини тартибга солиш Евроосиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги шартнома қоидаларига тўлиқ мос келишини тушунтирганди.
Ноябрь ойида Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О′Салливан Қозоғистонга бир қатор товарларнинг Россияга реэкспортини қисқартиришда кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирган ва «айрим бошқа товарлар»нинг реэкспорти кўпайганини қўшимча қилганди. Уларнинг умумий ҳажми Қозоғистон савдо айланмасининг нисбатан кичик улушини эгаллайди ва йилига атиги 200 миллион еврони ташкил этади, деди у Остонадаги матбуот брифингида, гап ҳажмда эмас, «мазкур маҳсулотлар қиймати ва ҳалокатли таъсирида» эканини таъкидлаганди.