Туркманободда АҚШдаги қариндошларига сурат ва видеоларни юборган икки аёл қўлга олинди

Туркманистондаги тўй. hronikatm.com сайти фотосурати

Туркманободда АҚШдаги қариндошларига тўйдан фото ва видеоларни юборгани учун икки нафар маҳаллий аҳоли қўлга олинди, деб хабар беради «Хроника Туркменистана» нашри.

27 декабрь куни икки ёш аёл АҚШда яшовчи қариндошлари билан мулоқот қилиш ва ноябрь ойида бўлиб ўтган тўйдан фото ва видеоларни юбориш учун Туркманободдаги Лебаптелеком интернет-кафесига келишган.

Маълум бўлишича, интернет-кафеда видеокузатув камералари ўрнатилган бўлиб, ходимлар мижозлар қайси сайтларга ташриф буюриши ва нима юбораётганини кузатиб боришган. Аёлларнинг қариндошлари билан суҳбати чоғида фуқаролик кийимида икки йигит уларнинг олдига келиб, ўзларини Лебап вилояти полиция департаментининг 7-бўлими ходимларимиз, деб таништирган. Кейинроқ уларга полиция кийимидаги бир киши келиб қўшилган.

Аёллар Гурбансолтан-эже микрорайонида жойлашган шаҳар полиция бўлимига олиб кетилган. Уларнинг қўлларидан мобил телефонлари олиб қўйилган, қисқа сўроқдан сўнг аёллар камерага жойлаштирилган ва 31 декабрь куни тушликга қадар вақти-вақти билан сўроқ қилинган. Полиция АҚШда қандай қариндошлар яшаётганини, уларнинг бу ердан қандай чиқиб кетишганини ва агар қариндошлари билан гаплашиб, тўйни томоша қилишни хоҳлашса, нима учун Туркманистонга келишмаганини аниқлаган.

Йилнинг сўнгги куни қўлга олинганлардан тушунтириш хати олиниб, қўйиб юборилган, бироқ улар 2 январдан 7 январгача яна сўроққа чақирилиши ҳақида огоҳлантирилган. Аёлларнинг мобил телефонлари қайтарилмаган.

5 январь куни сўроқ пайтида аёллардан бири ҳушини йўқотган, полиция тез ёрдам ва сўроқ қилинаётган аёлнинг ота-онасини чақиришга мажбур бўлган.

Ушбу воқеадан сўнг аёллар қўйиб юборилган ва уларнинг қариндошлари тергов давомида тўпланган маълумотлар бир йил давомида сақланиши ва агар бу вақт ичида улардан биронтаси Туркманистондан четдаги оиласи ёки дўстлари билан гаплашса, уларга қарши жиноий иш қўзғатилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Аёлларга «хорижга юборилаётган ҳар қандай фото ва видео материаллардан чет элдаги мафкуравий марказлар тинч ва осойишта мамлакатимиздаги вазиятни издан чиқариш учун фойдаланиши мумкинлиги» тушунтирилди.

Туркманистон ҳукумати мамлакат аҳолисини хорижда яшовчи одамлар билан имкон қадар камроқ алоқада бўлишини ҳамда чет эл ахборот нашрларига фото ва видео материаллар юбормаслигини назорат қилади. Шундай қилиб, 2020 йили Нургелди Холиқов Туркманистонга ташриф буюрган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) экспертларининг суратини Turkmen.news сайтига юборгани учун тўрт йилга қамалган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ