Назарбоев жияни устидан яна бир иш судга оширилди

kaztag.kz сайти фотосурати

Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалдиулига нисбатан жиноий йўл билан қўлга киритилган пулларни ўзлаштириш айби бўйича иш судга оширилди. Бу ҳақда Антикор расмий вакили Арман Тлеукенов маълум қилди, деб хабар беради Курсив.kz.

«Қайрат Сатибалдиули жиноий йўл билан олинган маблағлар ва ноқонуний пул даромадларидан фойдаланиб турли мулкларни қўлга киритган, жумладан, хорижда ҳам. У Қозоғистон ва хориждаги банклардан пул олган», — дейди Тлеукенов.

Сотибалдиулининг солиқ тўлашдан бўйин товлагани билан боғлиқ яна бир иш бўйича тергов давом этмоқда.

Қозоғистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакили, шунингдек собиқ президент жиянининг ҳибсга олинган барча активлари давлат ҳисобига ўтказилганини таъкидлади.

Ҳозиргача давлатга қайтарилган активлар миқдори 650 миллиард тенгени (1,4 миллиард доллар) ташкил этади.

2022 йил сентябрда Сатибалди «Казактелеком» АК ва «ЦТС» АЖда ўта катта ҳажмдаги ўғирлик учун олти йилга озодликдан маҳрум этилган. У жазони ўртача тартибдаги ахлоқ тузатиш муассасасида ўтамоқда. Шунингдек, унга 10 йил муддатга давлат хизматида лавозимларни эгаллаш тақиқланган. Ўтган декабрь ойида Сатибалдиули шартли равишда озод қилишларини сўраб ариза берган, аммо суд уни рад этган ва ушбу қарорни маҳкумнинг «қонунбузарликлари ва беқарор хатти-ҳаракатлари» билан изоҳлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ