Қашқадарё вилоятидаги Майданак баланд платосида енгил конструкциялардан хостеллар қурилади. Ҳудуд ободонлаштирилиб, у ердаги бинолар савдо дўконлари ва хизмат кўрсатиш шохобчаларига айлантирилади. Бу ҳақда 9 январь куни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевга туризмни ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти чоғида маълум қилинди.
ℹ️ Майданак Шаҳрисабз шаҳридан 45 км жанубда жойлашган. Бу баланд тоғ платоси бўлиб, иккита чўққиси бор, унинг бирида илгари космик кемаларни кузатувчи ҳарбий станция, иккинчисида Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти расадхонаси жойлашган бўлиб, дунёдаги бешта етакчи обсерваториялардан бири ҳисобланади. Майданак астроиқлим нуқтаи назаридан Евроосиёдаги энг яхши жой ҳисобланади: бу ерда осмон жуда мусаффо ва ҳавонинг тебраниши деярли йўқ, бу эса ноёб ва юқори сифатли тасвирларни олиш имконини беради. Обсерватория Канар ороллари ва Гавайида жойлашган сайёрамизнинг асосий астрономик расадхоналари ўртасида жойлашган. Ўзбекистондаги энг катта телескоп Майданакда ўрнатилган.
👉 9 январь куни бўлиб ўтган тақдимотда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманининг Мираки, Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Нуробод ва Кумушкон қишлоқларида замонавий дам олиш масканлари барпо этилиши ҳақида хабар берилган эди. Президентга мамлакатнинг асосий сайёҳлик марказлари – Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларида ҳам бозор мажмуалари лойиҳалари тақдим этилди.
Шавкат Мирзиёев ўзбек бозорлари сайёҳларни ўзига жалб этувчи марказлардан бири эканини, бироқ бугунги кунда уларнинг айримларида миллий колорит етишмаслигини таъкидлади.
«Бозорларимизнинг ўзига хос жиҳатларини сақлаб қолган ҳолда уларни юртимизнинг «ташриф қоғози»га айлантириш керак. Озиқ-овқат, кийим-кечак, заргарлик дўконлари, ошхоналар, кўнгилочар масканлар ҳамоҳанг бўлиши, харидорлар ва туристларни ўзига жалб қилиши зарур, – деди президент.
Бу борада Туркия ва араб мамлакатлари тажрибасини ўрганиш, лойиҳалаштиришга хорижий мутахассисларни таклиф этиш муҳимлиги айтиб ўтилди.
Ўтган йил декабрь ойида Мирзиёев заргарлик буюмлари савдоси мамлакатга сайёҳларни жалб қилиш йўлларидан бирига айланиши мумкинлигини таъкидлаб, мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида заргарлик мажмуаларини ташкил этиш бўйича кўрсатма берган эди.
ℹ️ 2016 йили Ўзбекистонда ҳукумат алмашганидан кейин туризм стратегик соҳа деб эълон қилинди. 2030 йилга бориб республикага ҳар йили 15 миллион хорижий сайёҳни жалб этиш ва туризм хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди. 2024 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистондаги туроператорларга сайёҳлар оқими паст бўлган давлатлардан жалб қилинган ҳар бир турист учун 20 доллардан 100 доллар миқдорида рағбатлантирувчи субсидиялар ажратилади.