Wealthy Gorilla нашри дунёнинг энг бой 50 нафар боксчиси рўйхатини эълон қилди. Қозоғистонлик профессионал боксчи, ўрта вазн тоифасида WBA, WBO, IBF ва IBO версиялари бўйича собиқ жаҳон чемпиони Геннадий Головкин (42-2-1, 37 КО) ушбу рўйхатнинг 20-поғонасидан жой олган.
Нашрнинг ёзишича, 41 ёшли Головкиннинг бойлиги 30 миллион долларга баҳоланган.
«Головкин турли брендлар, жумладан, дунёдаги энг қиммат соатларни ишлаб чиқарувчи Hublot ва алкоголли ичимликлар ишлаб чиқарувчи Chivas Regal билан индоссамент шартномаларига эга», — дейилади матнда.
Шунингдек, 2006-2018 йиллардаги профессионал фаолияти давомида Головкин бирорта ҳам мағлубият аламини тотиб кўрмагани ва бирор марта ҳам нокаутга учрамагани қайд этилган.
Рейтингда 450 миллион доллар бойликка эга америкалик Флойд Мейвезер етакчилик қилади. Иккинчи ўринда яна бир америкалик — Жорж Форман. Учинчи ўринда 200 миллион доллар билан филиппинлик Мэнни Пакьяо. Шунингдек, рўйхатда ака-ука Владимир (90 миллион доллар) ва Виталий Кличко (80 миллион доллар) ҳам бор – мос равишда 8 ва 10-ўринлар.
Головкин сўнгги бор 2022 йил сентябрида жанг ўтказган ва Саул «Канело» Алваресга ютқазган. Ўтган йили қозоғистонлик чемпионлик унвонини ҳимоя қилишдан бош тортгани учун IBF, WBA ва IBO чемпионлик камарларидан маҳрум қилинган эди. Баъзи экспертлар Головкиннинг чемпионлик унвонини ҳимоя қилишдан бош тортганини унинг DAZN стриминг хизмати билан фойдали шартномаси борлиги билан изоҳлайдилар.
Геннадий Головкин (45 жанг, 42 ғалаба, 1 дуранг, 2 мағлубият, 37 та нокаут билан ғалаба қозонган) IBF, IBO, WBA, WBC, The Ring (2018) версиялари бўйича собиқ жаҳон чемпиони. Олимпия ўйинлари кумуш медали совриндори (2004), Жаҳон ва Осиё чемпионатлари совриндори. Узоқ вақт давомида у Қозоғистоннинг жаҳон спортидаги энг машҳур вакили ҳисобланган. Бугунги кунда Головкин мазкур унвонни теннисчи Елена Рибакинага топширган.