Қозоғистон пойтахтидаги вокзал номи яна ўзгартирилади — Нур-Султондан Остонага

kaztag.kz сайти фотосурати

Қозоғистон пойтахтидаги иккита темир йўл вокзали аввалги номига қайтади. Эски вокзалдаги (Гёте кўчасидаги) «Нур-Султон» станцияси «Остона» деб номланади, «Нұр-Сұлтан Нұрлы жол» бекати мос равишда «Нұрлы жол»га айланади, деб хабар беради Astana TV.

Тегишли қарор лойиҳаси Норматив ҳуқуқий актлар веб-сайтида эълон қилинган. Ҳужжатга кўра, бошқа бир қатор станциялар ҳам янги номларга эга бўлади. Масалан, Ғарбий Қозоғистон вилоятининг маъмурий маркази Уральск шаҳридаги поездлар «Орал» станциясидан йўл олади (ҳозиргидек «Уральск» эмас). Мангистау вилоятида эса «Ўзен» ўрнига «Жаңаөзен» бекати пайдо бўлади.

Ҳужжатнинг оммавий муҳокамаси 22 январга қадар давом этади.

Ҳукумат ҳузуридаги Республика ономастика комиссияси мазкур станциялар номини ўзгартириш бўйича ўтган йил октябрь ойида ижобий хулоса берган.

Аввалроқ «Остона-1» деб номланган Қозоғистон пойтахтининг станцияси 2019 йил апрель ойида пойтахт номи ўзгартирилгандан сўнг дарҳол «Нур-Султон»га айланган. Нурсултон Назарбоев президентликдан кетганидан сўнг давлат раҳбари ваколатларини ўз зиммасига олган Қосим-Жомарт Тўқаев биринчи президент номини пойтахтга бериш орқали абадийлаштиришни таклиф қилган. Тегишли фармон 23 март куни имзоланган.

Ном ўзгартирилгандан сўнг дарҳол бир гуруҳ фуқаролар ушбу қарорга қарши рухсатсиз норозилик намойишларида қатнашганлар. 2022 йил январидаги тартибсизликлардан сўнг шаҳар номини ўзгартириш тўғрисида петиция тузилган, унда 229 мингдан ортиқ имзо тўпланган.

Бироз вақт ўтгач, Мажилиснинг (парламент қуйи палатаси) «Жаңа Қазақстан» депутатлар гуруҳи «тарихий адолат»ни тиклаган ҳолда мамлакат пойтахтини аввалги номига қайтаришни таклиф қилган ва Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ушбу таклифни қўллаб-қувватлаган. 2022 йил кузида пойтахт яна Остонага айланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ