Туркияда Azon.uz сайти асосчиси қўлга олинди

Алишер Турсунов (Мубашшир Аҳмад). azon.global сайти фотосурати

Azon.uz сайти ва Azon Global ахборот-таҳлилий портали асосчиси, Мубашшир Аҳмад номи билан танилган Алишер Турсунов Туркияда қўлга олинди. Бу ҳақда Azon Global хабар беради.

Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари Турсуновни 28 декабрь куни эрталаб ҳибсга олган. Портал муҳаррирлари содир бўлган воқеа тушунмовчилик бўлиб, унинг раҳбари тез орада озодликка чиқишига умид қилиб, бу ҳақда хабар бермаган.

Таҳририятнинг тушунтиришича, Туркия қонунчилигига кўра, гумонланувчи уч кундан ортиқ ҳибсда сақланиши мумкин эмас. Агар ушбу муддат давомида қўлга олинган шахснинг айбига оид гумон тасдиқланса, унинг иши Адлия вазирлигига ўтказилади, акс ҳолда шахс озод қилинади. Баъзан чет элликлар депортация марказларига ўтказилади ва у ердан улар уйларига жўнатилади ёки қўйиб юборилади.

«Дастлабки суриштирувларда, табиийки, Мубашшир Аҳмадга қўйилаётган айблов ўз исботини топмади. Қайтариб юбориш (депортация) марказларига ўтказилган домлани орадан шунча кун ўтиб ҳам тутиб туришгани тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Албатта, бу ҳодиса содир бўлган куниданоқ адвокатлар ҳаракатларини бошлашган ва бошқа барча керакли чора тадбирлар кўрилмоқда» — дейилади Azon Global хабарида.

ℹ️ Мубашшир Аҳмад Наманганда туғилган. Тошкент ислом институти ва Миср Ал-Азҳар университетини тамомлаган. «Ўзбекистон мусулмонлари» ва «Fikrat» журналлари таҳририятларида, «Ислом нури» газетасида ишлаган, Тошкент ислом институтида дарс берган. Бир муддат Ўзбекистон мусулмонлари идораси котибияти бошлиғи ёрдамчиси бўлиб ишлаган, бироқ 2018 йил апрель ойида у лавозимидан озод этилган.

2017 йили Мубашшир Аҳмад томонидан асос солинган Azon.uz ахборот-таҳлилий портали ислом динига оид янгиликлар ва мақолаларни чоп этишга ихтисослашган. Нашрнинг айрим материаллари расмийлар томонидан танқидга учраган. 2021 йили Тошкент суди Azon.uz нинг тўрт нафар ходимини, кузатувчи расмийларга кўра, Ўзбекистоннинг айрим давлатлар билан муносабатларига путур етказиши мумкин бўлган диний материалларни тарқатгани учун жаримага тортган. 2023 йил август ойида Azon медиа гуруҳи (Azon.uz сайти, Azon FM онлайн радиоси, Azon TV онлайн телевидениеси) барча лойиҳаларини тўхтатган. Ноябрь ойида Azon Global портали ишга туширилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ