Ўзбекистонда 2024 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлар учун 16 турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинади. Бу ҳақда Президентнинг «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги мажбурий талабларни камайтириш ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига таяниб, Адлия вазирлиги хабар берди.
Жумладан, турагентлик фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш мумкин бўлади, махсус реестрга киритилган божхона ташувчилари товарларни ташиш учун рухсат олишлари шарт эмас.
Фармон шунингдек:
👉 Лицензия ёки рухсатномани беришда талабгорларни видео алоқа ёрдамида масофадан туриб баҳолашга рухсат берилади;
👉 Чиқиш туризмини амалга оширишда 15 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш бекор қилинади;
👉 Юридик шахсларга тегишли транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиш жойларини ихтиёрий равишда танлаш мумкин (бугунга қадар техник кўрикдан ўтказиш ички ишлар органлари томонидан белгиланган жойларда ўтказилаётган эди).
Ушбу Фармон қабул қилиниши натижасида тадбиркорларнинг қарийб 350 млрд сўмлик (деярли 28,5 млн доллар) харажатлари тежалади.
Бундан аввал, 8 январь куни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик субъектларига берилган 16 турдаги лицензия»ва рухсатномалар бекор қилинишини маълум қилганди. У 2024 йил Ўзбекистонда «Ёшлар ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилинганини, бу эса ҳукуматнинг тадбиркорлар фаолияти учун янада қулай шарт-шароит яратиш ниятида эканини эслатди.
Шу тариқа, жорий йилдан бошлаб 34 турдаги сертификатлар ва ҳисоботлар бекор қилинади, бунинг натижасида 21 мингдан ортиқ тадбиркор ҳар йили 500 миллион сўм (40 минг доллардан ортиқ) маблағни тежаш имкониятига эга бўлади. Президент тадбиркорлар тақдим этиши шарт бўлган ҳисоботларнинг ягона рўйхати йўқлигига эътибор қаратди ва ягона ҳисобот тизимини жорий этишни талаб қилди.
Мирзиёев Иқтисодиёт ва молия вазирлигига янги иш ўринлари яратиш учун захира ва имкониятларни аниқлаш бўйича топшириқ берди. Янги молиявий воситаларни, жумладан, янги микромолия тизимини кенг жорий этиш орқали Ўзбекистоннинг 2 миллион резидентини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш режалаштирилган. Жойларда барқарор ва юқори рентабелли иш ўринлари яратиш орқали ҳокимият 5 миллион кишини иш билан таъминлаш ниятида.
ℹ️ Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 1,3 миллион ишсиз бор. Жорий йили меҳнат бозорига яна 2,4 миллион киши қўшилади.
ℹ️ 2023 йил октабрь ойида Ўзбекистонда Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастурини амалга ошириш бошланди, унга кўра, яқин уч йилда давлат томонидан тадбиркорларга имтиёзли кредитлар кўринишида қарийб 1,7 миллиард доллар ажратилади.