Ўзбекистондаги бир гуруҳ тўқимачилик корхоналари WRAP сертификатига эга бўлишди

WRAP сертификати тақдимоти. uzts.uz сайти фотосурати

«Узтекс» (Uztex Group) компаниялар гуруҳи WRAP (Worldwide Responsible Accredited Production) сертификатини олди, бу мазкур ҳужжат эгасининг маҳсулотлари АҚШга экспорт қилиш учун талаб қилинадиган барча стандартларга жавоб беришини тасдиқлайди. Бу ҳақда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси хабар берди ва сертификатни «АҚШ бозорининг калити» деб атади.

Ассоциациянинг қўшимча қилишича, UZTEX компаниялар гуруҳи Ўзбекистонда, шунингдек, Марказий Осиёда ушбу стандартни олган биринчи корхона бўлди. Ушбу сертификат потенциал харидорларга унинг эгаси ахлоқий ва масъулиятли бизнес стандартларига содиқ эканини кўрсатади. Уни олиш учун 12 тамойилга амал қилиш лозим:

👉 иш жойида қонун ва қоидаларга риоя қилиш;

👉 мажбурий меҳнатни тақиқлаш;

👉 болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқлаш;

👉 таъқиб қилиш ёки ҳокимиятни суиистеъмол қилишни тақиқлаш;

👉 қонун ҳужжатларига мувофиқ компенсация ва имтиёзлар тақдим этиш;

👉 қонунга мувофиқ иш вақтини белгилаш;

👉 дискриминацияни тақиқлаш;

👉 саломатлик ва хавфсизлик;

👉 уюшмалар ва жамоавий битимлар эркинлиги;

👉 атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;

👉 божхона талабларига риоя қилиш;

👉 хавфсизлик.

«Тўқимачилик саноати корхоналарида халқаро стандартларнинг жорий этилиши мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантиришни рағбатлантиради, халқаро савдодаги тўсиқларни бартараф қилади ҳамда бошқарув ва назорат тизимини такомиллаштириш доирасида бизнес эволюциясига ижобий таъсир кўрсатади», — дейилади «Ўзтўқимачиликсаноат» матбуот хизмати хабарида.

ℹ️ Uztex Group ўзини МДҲ мамлакатларида тўқимачилик маҳсулотларининг етакчи, вертикал интеграциялашган ишлаб чиқарувчиси сифатида намоён этади. Гуруҳнинг ишлаб чиқариш қувватлари пахтадан тўлиқ турдаги тўқимачилик маҳсулотлари: кулранг ва бўялган ипларнинг барча турлари, кулранг ва бўялган трикотаж матолар, тайёр трикотаж, пайпоқ ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконини беради. Uztex Group Ўзбекистон бўйлаб жойлашган 13 та фабрикани бирлаштиради, 45 давлатга маҳсулот экспорт қилади. Гуруҳ мижозлари орасида «Спортмастер», LC Waikiki, Koton, Ostin, Gloria Jeans ва бошқа брендлар мавжуд.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ