Қозоғистон Мажилиси (парламент қуйи палатаси) депутатлари Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда қонунчиликка маиший зўравонлик ҳолатлари олдини олиш мақсадида оиладаги безори кимсаларни вақтинча чиқариб юборишга доир ўзгартиришларни тайёрлади. Бу ҳақда ИИВ Маъмурий полиция қўмитаси раиси ўринбосари Ренат Зулхаиров брифингда маълум қилди, деб ёзади prosud.kz.
Унга кўра, қасддан баданга енгил шикаст етказиш ва калтаклаш ҳолатлари учун шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш таклиф қилинади. Ҳозирда бундай ҳаракатлар маъмурий ҳуқуқбузарлик доирасида кўрилади.
«Ҳуқуқбузар хулқ-атворига қўйиладиган махсус талаблар доирасида судга тажовузкор шахсни уйдан вақтинча чиқариб юбориш ҳуқуқи берилади. Шу билан бирга, ижтимоий мослашув марказларида унга ўз ҳаракатлари устидан ўйлаб қўриш имконияти берилади. Шунингдек, судга тажовузкор шахсларни соғлиқни сақлаш муассасаларида мажбурий психокоррекция курсларидан ўтишга мажбурлаш ҳуқуқи берилади», — деб тушунтирди қўмита раиси ўринбосари.
Жорий йили Қозоғистон Ички ишлар вазирлигида оилавий-маиший зўравонликка қарши кураш бўйича ихтисослаштирилган бўлинма ташкил этилиши аввалроқ хабар қилинган эди. Шунингдек, оилавий-маиший зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда инқироз марказларини кўпайтириш, ижтимоий-психологик коррекция амалиётини жорий этиш кўзда тутилган.
2023 йили Қозоғистонда маиший зўравонлик учун жавобгарлик қонунчилик йўли билан кучайтирди. Полиция декларативликдан бундай ҳуқуқбузарликларни қайд этиш принципига ўтди. Яъни, маъмурий ишлар жабрланувчиларнинг кўрсатмасисиз қўзғатилиб, оиладаги зўравонлик факти бўйича гувоҳлар, қўни-қўшниларнинг кўрсатмалари ва кузатув камералари ёзувлари асосида баённома тузилади.
Янги қонунчилик доирасида 2023 йилнинг иккинчи ярмида маиший можаролар юзасидан 50 минг мурожаат кўриб чиқилган ва материалларнинг 64 фоизи бўйича маъмурий иш қўзғатилган. Шу билан бирга, маъмурий қамоққа олинганлар сони икки бараварга кўпайган. Судда 27 мингдан ортиқ оила яраштирилган.