Қозоғистоннинг Сатпаев шаҳар суди, тергов маълумотларига кўра, 2014-2015 йиллари Украина армиясига қарши Донбасс кўнгиллилари таркибида қуролли можарода қатнашган Леонид Г.ни олти йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Press.kz хабар берди.
Нашр биринчи инстанция 59 ёшли Қозоғистон фуқаросига нисбатан қачон ҳукм чиқарганига аниқлик киритмаган. Бироқ, маълумки, Улитау вилояти суди апелляцияни кўриб чиққан ва дастлабки ҳукмни ўзгартиришсиз қолдирган.
Жиноят иши материалларига кўра, Леонид Г. 1998 йили Қозоғистондан Беларусга кўчиб ўтган ва у ерда Гомель вилоятида истиқомат қилган. 2014 йили у Украинага боради ва у ерда Донбасс кўнгилли жангчилари сафига қўшилади. Қозоғистонлик диверсия-разведка гуруҳида снайпер бўлиб хизмат қилган.
Леонид Г. жангда граната портлаши оқибатида мия чайқалиши ва тан жароҳатлари олган, шундан сўнг у Беларусга қайтган. Бу ерда у ҳуқуқ-тартибот идораларининг эътиборига тушган. Тинтув натижасида хавфсизлик кучлари унинг уйидан турли калибрли патронлар ва портловчи моддаларни топади. Леонид Г. ўқ-дориларни ноқонуний сотиб олиш ва олиб юрганликда айбланган. Жазо муддатини ўтаб бўлгач (қанчалиги кўрсатилмаган) чет эл фуқароси ўз ватанига депортация қилинган.
Қозоғистонда ҳам унга нисбатан жиноий иш очилади — бу сафар хориждаги қуролли можароларда иштирок этганлик моддаси билан.
Суд қарорида қайд этилганидек, айбланувчи 2014 йилдан 2015 йилгача бўлган даврда можарода иштирок этган бирор томоннинг фуқароси бўлмаган, шунингдек, Қозоғистон томонидан қуролли кучлар сафида хизмат мажбуриятларини бажариш учун юборилмаган ва жанговар ҳаракатларда «ёлланма белгиларисиз» қасддан иштирок этган.
Aниқлик киритилишича, суд мажлисида Леонид Г. айбини тан олмаган, бироқ гувоҳлар айбланувчининг ҳарбий жасоратлари билан мақтанганини тасдиқлашган ва ҳатто ёлланма аскар сифатида ҳарбий тўқнашувларда қатнашиш учун яна Украинага кетмоқчи бўлганини айтишган.
Бу Қозоғистонда ўтказилган биринчи шкндай суд жараёни эмас. Жорий йилнинг ноябрь ойида Қарағанда шаҳрининг Қозибекбий туман суди Қозоғистон фуқаросини «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси таркибида Украина ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашгани учун олти йилу саккиз ойга озодликдан маҳрум қилган.