Қозоғистон ҳукумати «Толибон»ни мамлакатда тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариб ташлади

nypost.com сайти фотосурати

Қозоғистон ҳукумати «Толибон»* ҳаракатини мамлакатда тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариб ташлади. Бу ҳақда Республика Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Aйбек Смадияров «Казинформ» агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

Смадияров бу қарорни БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан террорчи деб тан олинган ташкилотлар рўйхатида «Толибон» ҳаракатининг йўқлиги билан изоҳлади.

«Қозоғистон мамлакатда тақиқланган террорчи ташкилотлар миллий рўйхатини янгилаш мақсадида мунтазам равишда ревизия ўтказиб боради. Ушбу жараён доирасида БМТ амалиётига асосланиб, «Толибон»ни рўйхатдан чиқариб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шундай қилиб, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ижроси мажбурий бўлган резолюцияларига кўра, «Толибон» ҳаракати БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан террорчи деб тан олинган ташкилотлар рўйхатига киритилмаган», — деб тушунтирди ТИВ вакили.

Унинг қўшимча қилишича, Қозоғистон ва «Толибон» ўртасидаги сиёсий алоқалар масаласида Остона Хавфсизлик Кенгаши ва БМТ Бош Aссамблеяси томонидан қабул қилинган қарор ва резолюцияларга қатъий амал қилади.

ℹ️ БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2003 йили «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган. Шу билан бирга, Россия ҳам толибларни худди шундай рўйхатга киритган, 2005 йили бу ҳаракат Қозоғистон Олий суди томонидан террорчи деб тан олинган.

Толиблар 2021 йил августида Aфғонистонда ҳокимиятни қўлга киритишган ва шундан бери ўзларининг тан олинишига ҳаракат қилишмоқда. Ўша йилнинг октабрь ойида Россия президенти Владимир Путин Россия «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш масаласини кўриб чиқаётганини, бироқ буни биринчи навбатда БМТ Хавфсизлик Кенгаши амалга ошириши кераклигини таъкидлаганди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ