Суд қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Дина Смаиловани ҳибсга олишга доир қарор чиқарди

voxpopuli.kz сайти фотосурати

Уст-Каменогорск шаҳар тергов суди «НеМолчи.kz» фонди президенти Дина Смаиловани (Тансари) ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда унинг адвокати Гулнар Жуаспаева «Власти.kz» нашрига маълум қилди. Шунингдек, у қарор устидан шикоят қилишини қўшимча қилган.

Дина Смаилова ва унинг турмуш ўртоғи сўнгги пайтлар Қозоғистонда яшамайди, лекин фаолиятини хорижда туриб давом эттиришмоқда. Жуапаеванинг таъкидлашича, унинг мижозига ҳозирча экстрадиция хавф солмайди, чунки бу «узоқ жараён»га чўзилади.

Бир кун аввал Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Қозоғистоннинг бир қанча вилоятларида Смаиловага қарши олтита жиноий иш, жумладан, иккита фирибгарлик иши бўйича тергов олиб борилаётгани ҳақида хабар берганди. Вазирликнинг таъкидлашича, Смаилова ва унинг эри қозоғистонликлардан шахсий картада пул йиғиб, шахсий эҳтиёжларига сарфлашган, озгина қисмини эса фонд харажатларига йўналтиришган.

Бундан ташқари, теровга кўра, ҳуқуқ ҳимоячиси фуқаролар ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатиб, уларни зўравонликда асоссиз айблаган ва ўтказилган текширувлар бу иддаоларни рад этган.

27 декабрдан бошлаб Смаилова ҳуқуқий статистика ва махсус қайдлар порталидаги жиноий қидирув маълумотлар базасига киритилган. У раҳбарлик қилаётган «НеМолчи.kz» фонди зўравонлик қурбонлари – асосан аёллар ва болаларга ёрдам кўрсатади.

Ташкилот қозоғистонликларнинг хайр-эҳсонлари эвазига фаолият юритади. Смаилова ўзининг жиноий таъқиб этилишини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти билан боғлайди.

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди