«НеМолчи.kz» фонди асосчиси Дина Смаилова (Тансари) қидирувга берилди. 27 декабрдан бошлаб у ҳуқуқий статистика ва махсус ёзувлар порталидаги жиноий қидирув маълумотлар базасига киритилган. Қидирувга берган орган — Уст-Каменогорск полиция бошқармаси ҳисобланади.
Смаилова «НеМолчи.kz» жамоат фондини бошқаради, у зўравонлик қурбонлари — асосан аёллар ва болаларга ёрдам беради. Ушбу фонд кейинчалик резонансга айланган кўплаб воқеаларни оммага эълон қилдиган, жиноят ишлари қўзғатилиши ва айбдорларнинг жазоланишига эришган.
Ташкилот қозоғистонликлар хайр-эҳсонлари эвазига иш олиб боради.
Ноябрь ойида ҳуқуқ ҳимоячиси фонд ҳисоблари блоклангани ҳақида хабар берган эди. Декабрь ойи бошида Шарқий Қозоғистон вилояти (ШҚВ) полицияси уни фирибгарликда гумон қилаётгани маълум бўлади. Шундан сўнг Смаилова ва унинг турмуш ўртоғи Алмат Муҳамеджанов Қозоғистонни тарк этишган. Яқин вақтгача улар Грузияда яшаган, бироқ ўтган йил кузида эр-хотин ўз мижозларидан бирини кўриш учун Туркияга сафар қилганидан кейин мамлакатга киритилмаган. Оқибатда, хабар қилинганидек, улар Европа давлатларидан бирига учиб, у ерда ҳимоя сўрашга мажбур бўлишган.
Orda.kz хабарига кўра, фирибгарлик айбловлари Уст-Каменогорскда бир неча ўсмир қиз тенгдошини шафқатсизларча калтаклагани иши билан боғлиқ. Ёзда жиноятчилар уч йилга озодликдан маҳрум этилган. Суд жараёни давомида Фонд жабрланувчи қиз ва унинг онасига ёрдам кўрсатган. Жумладан, адвокатга пул тўлаш учун йиғим бошланган. Тансари барча тилхатларни тақдим этган ва пул қизнинг онасига берилмаганини, балки тўғридан-тўғри ҳимоячига ўтказилганлигини кўрсатган. Шарқий Қозоғистон полицияси бошқача фикрда бўлган, гарчи жабрланувчи қиз онасининг Фондга нисбатан ҳеч қандай даъвоси бўлмаган бўлсада, дейилади хабарда.
Смаилова «НеМолчи.kz» фаолияти учун таъқиб қилинаётганини таъкидлайди.