Россиянинг «Газпром» компанияси республика ҳукумати илтимосига биноан Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини икки баробарга оширди. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путинга «Газпром» раҳбари Алексей Миллер маълум қилди, деб ёзади Kremlin.ru.
«Декабрь ойида Ўзбекистонга ҳам совуқлар келди ва ўзбекистонлик дўстларимиз ва ҳамкасбларимиз Ўзбекистонга газ етказиб беришни имзоланган шартнома бўйича кунлик мажбуриятларимизни икки баробарга оширишни сўрашди», — деган Миллер.
Унинг қўшимча қилишича,
декабрь ойида «Газпром» «Марказий Осиё – Марказ» газ қувури орқали етказиб берилиши мумкин бўлган максимал техник ҳажмдаги газни етказиб беради.
ℹ️ 2023 йил июнь ойида «Газпром» Ўзбекистон билан йилига 2,8 миллиард кубометр – кунига 9 миллион кубометр газ етказиб бериш бўйича икки йиллик шартнома тузди. Қозоғистон орқали Ўзбекистонга Россия гази импорти 7 октабрдан бошланди.
Айни пайтда, ҳаво ҳароратининг пасайиши туфайли Ўзбекистон аҳолисининг табиий газга бўлган талаби ортган, бу эса уни истеъмол қилиш ҳажмининг ошишига ва босимнинг сезиларли даражада пасайишига олиб келди. 1 декабрдан мамлакат энергетика тизими кечаю кундуз ишлашга ўтди, мамлакатда тунги ёритгичлар ва ёқилғи қуйиш шохобчаларининг иш вақти вақтинча чекланди.
«Ўзэнергоинспекция» томонидан энергия ресурсларидан норационал фойдаланиш устидан назорат кучайтирилди. 26 декабрь куни инспекция матбуот хизмати йил бошидан буён табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 9446 та ҳолат аниқланганини маълум қилди. Нопок истеъмолчилар томонидан умумий қиймати 748,6 миллиард сўмлик (деярли 61 миллион доллар) жами 767 миллион куб метр газ ва 251,9 миллиард сўмлик (20,4 миллион доллардан ортиқ) 335 миллион киловатт-соат электр энергияси ўғирланган.