2024 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистонда тажриба тариқасида оилавий низолар ва оилавий зўравонлик билан боғлиқ ишларни кўриб чиқадиган судяларнинг махсус корпуси ташкил этилади. Тегишли меъёр «Оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизлар фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги республика ҳукумати қарорида кўзда тутилган, деб хабар беради Aдлия вазирлиги матбуот хизмати.
Биринчи босқичда «оилавий судялар» фуқаролик ишларини кўриб чиқадиган учта инстанцияда пайдо бўлади:
⚖️ Самарқанд шаҳар суди;
⚖️ Наманган туманлараро суди;
⚖️ Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро суди.
Уларнинг ҳар бирида маиший низолар фактлари бўйича жараёнларни ўтказиш учун кенгаш таркибидан иккитадан мутахассис танлаб олинади.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб хотин-қизларнинг ҳақ тўланадиган жамоат ишлари асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида иш юритувчи бўлиб ишлашига 11 ойгача муддатга рухсат этилади. Шу билан бирга, оилавий зўравонликдан жабрланганлар рақобат муҳитида ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган шахслар тоифасига киритилади.
Қарорга кўра, бошқарув ходимлари орасидаги хотин-қизларнинг улушини 2030 йилгача 30 фоизга етказиш талаби давлат корхоналарининг ижро органлари, шу жумладан директорлар кенгаши ва кузатув кенгашларининг таркибини шакллантиришда ҳам татбиқ этилади.
Хотин-қизларнинг янги касб-ҳунарларни эгаллаши учун нормалар белгиланган. Келгуси йилнинг 1 февралидан бошлаб таълим муассасаларида касаначилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланаётганлар учун тадбиркорлик курслари ташкил этилади. Шу билан бирга, ҳар бир битирувчи учун харажатларнинг 70 фоизигача, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) беш бараваридан кўп бўлмаган миқдорда – 1,7 миллион сўм (137 AҚШ доллари) Оилани қўллаб-қувватлаш ва давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Бундан ташқари «Xotin-qizlar.uz» платформаси негизида Band bo‘lmagan xotin-qizlar модули яратилиб, вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларига интеграция қилинади. 2024 йил 1 мартгача «Энг яхши касбга тайёрлаш дастури» бўйича нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида ўтказиладиган очиқ танловларда иштирокчиларни баҳолаш имконини берувчи электрон дастурий таъминот ишлаб чиқилади ҳамда 2025 йилдан ҳар йили ушбу танлов ўтказилади.
2024 йил 1 январдан замонавий миллий либослар ишлаб чиқариш сехларини очган тадбиркор аёлларга имтиёзлар жорий этилади. Давлат уларнинг дастлабки уч ойлик биноларни ижарага олиш 10 БҲМ дан кўп бўлмаган — 3,4 миллион сўм (274 доллар) харажатларини қоплайди.