Сердар Бердимуҳамедов мамлакат президенти сифатида илк китобини нашр этди

Сердар Бердимуҳамедов «Ýaşlar – Watanyň daýanjy» янги китобини тақдим этмоқда. business.com.tm сайти фотосурати

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ўзининг илк китобини нашр этди. Бу ҳақда у 25 декабр куни вилоятлар раҳбарлари ва бош вазирнинг агросаноат комплекси масалалари бўйича ўринбосари иштирокидаги ишчи йиғилишда маълум қилди, деб ёзади Orient.tm.

Китоб «Ýaşlar – Watanyň daýanjy» («Ёшлар – юрт таянчи») деб номланиб, унда туркман ёшлари эришган ютуқ ва муваффақиятлар ҳақида ҳикоя қилинади.

Китобнинг чоп этилиши 27 декабрь куни бўлиб ўтадиган «Бахтли ёшлар Aркадаг Сердар билан» йил якунларига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ва кўргазмага тўғри келди.

Сердар Бердимуҳамедов китобнинг биринчи нусхасини отаси, собиқ президент, Туркманистон Халқ Маслаҳатининг раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга юборган.

«Мен ушбу китобнинг биринчи нусхасини туркман халқининг миллий етакчиси Қаҳрамон-Aркадагга совға сифатида юборяпман», — дея президент сўзларини келтиради Turkmenportal.

Эслатиб ўтамиз, Гурбангули Бердимуҳамедов 16 йил давомида ўз номи билан турли мавзуларда 60 га яқин китоб чоп этган. Жумладан, тиббиёт, фалсафа, маданият, маънавият мавзуларига оид асарлар, Aлабай итлари, Aхалтеке отлари, спорт ва Aркадаг (ҳомий; катта Бердимуҳамедов расман бу номга эга) аждодларига бағишланган бир қатор романлар шулар жумласидандир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ