Мирзиёев фармацевтика, электротехника ва кимё саноати ривожланишини танқид қилди

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда ҳудудларда электротехника, кимё ва фармацевтика саноатининг ривожланишини танқид қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Президент ички бозорда электротехника саноати маҳсулотлари улуши 50 фоиздан камлигини, кимё саноати 40 фоиз, фармацевтика маҳсулотлари атиги 18 фоизни ташкил этишини айтди.

Ҳудудларда ташкил қилинган зоналардан ҳамда саноат кооперацияси имкониятларидан етарлича фойдаланилмаяпти. 116 та корхонага олиб келинган 85 миллион долларлик саноат ускунаси ишга тушмасдан турибди. 727 та корхона тўлиқ қувватда ишламаяпти.

«Ҳокимликлар саноат тармоқлари билан узвий боғлиқликда ишлаб, ҳудудларда иқтисодиётни диверсификация қилиши, лойиҳаларни кўпайтириши зарур. Шундагина жойларда иқтисодий ўсиш, иш ўрни, бюджетга тушум бўлади», — деди Мирзиёев.

2024 йили электротехника, кимё ва фармацевтика саноатида 20,1 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга оширишни бошлаш режалаштирилган.

Жумладан, келгуси йилда мазкур 3 тармоқда 12 миллиард 700 миллион долларлик 24 та йирик лойиҳа бошланиши қайд этилди. «Навоийазот»да поливинилхлорид ва Қўнғиротда кальцийланган сода қувватларини кенгайтириш, Қоракўлда метанолдан олефин олиш, Самарқандда маиший техника ва автомобиллар учун металл листлар ишлаб чиқариш лойиҳалари шулар жумласидандир.

Шунингдек, тармоқ ва ҳудудлар биргаликда ишлаб, электротехникада 2,1 миллиард долларлик 190 та, кимё саноатида 3,8 миллиард долларлик 139 та, фармацевтикада 1,5 миллиард долларлик 110 та ўрта ва кичик лойиҳаларни шакллантирган. Мирзиёев ушбу лойиҳалар билан танишиб, уларнинг ишлаб чиқариш қуввати, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури ва яратилаётган иш ўринлари билан танишди.

ℹ️ Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, сўнгги беш йилда юқоридаги учта тармоқда маҳсулот ишлаб чиқариш 2,6 баробар ошиб, уларнинг саноатдаги улуши 7 фоизга етган. Шунингдек, 231 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилган, экспорт 1,6 миллиард долларни ташкил этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ