Олмаота шаҳрининг ихтисослаштирилган туманлараро тергов суди автобус аёл ҳайдовчисини калтаклаганликда гумон қилинган эркакни икки ойга ҳибсга олди, деб хабар беради Tengrinews.kz нашри. Бу ҳужумдан автобус аварияга учраган ва одамлар қурбон ва ярадор бўлишган.
Тергов маълумотларига кўра, эркак (хабарда фақат унинг бош ҳарфлари кўрсатилган – А.) ўзаро можаро вақтида 47-сонли автобус ҳайдовчиси бўлган аёлни бир неча бор урган. Аёл ҳушини йўқотган ва бошқарувсиз қолган автобус бекатдаги одамларни босиб кетган ва тўртта машина билан тўқнашган.
Воқеа 22 декабрь куни кечқурун 7-сонли шаҳар шифохонаси ёнида содир бўлган. Натижада уч киши ҳалок бўлган, тўрт нафар шахс касалхонага ётқизилган, уларнинг бош чаноғи ва суяклари синган.
Автобус ҳайдовчисини урган шахс воқеа жойида қўлга олинган. Айни пайтда интернетда воқеа акс этгани тахмин қилинаётган видео тарқалмоқда, унда ҳайдовчи ва йўловчи ўртасидаги оғзаки жанжал, эркак аёлни қандай ургани ва тўқнашувдан сўнг салонни тарк этишга урингани акс этган. Гумонланувчининг қочишга уринганини бекатдаги гувоҳлар ҳам тасвирга олган (улар эркакнинг қочишига изн беришмаган).
Полиция хабарига кўра, жиноят содир этган шахсга нисбатан республика Жиноят кодексининг 293-моддаси (безорилик) ва 351-моддаси (икки ёки ундан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлган транспорт воситаларининг хавфсиз ишлашини таъминлаш қоидаларини бузиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.