Қозоғистон Чегара хизматининг собиқ раҳбари Хитойдан контрабанда товарларини олиб ўтишда айбланди

Дархон Дилманов. dknews.kz сайти фотосурати

Қозоғистон чегара хизматининг собиқ директори Дархон Дилманов мол-мулки мусодара қилинган ҳолда тўрт йилга озодликдан маҳрум этилди. Олмаота гарнизони ҳарбий суди уни оғир оқибатларга олиб келган ваколатни суиистеъмол қилиш ва йирик миқдорда пора олишда айбдор деб топди, деб хабар беради Zakon.kz.

Ишда бир неча киши иштирок этган. Судда аниқланишича, улардан бири Дилмановни маълум даромад эвазига Хитойдан Қозоғистонга товарлар олиб кириш бўйича ноқонуний схемада иштирок этишга таклиф қилган. Дилманов рози бўлган.

«Хитой Халқ Республикасидан Қозоғистон Республикасига товарларни олиб ўтишда ноқонуний схема жорий этилиши оқибатида назорат-ўтказиш пунктини тарк этмаган ҳолда умумий навбатни четлаб ўтиш орқали 1750 та айланиб ўтиш рейси амалга оширилган ва бу билан йирик зарар етказилган», — дейилган судда.

Судланувчиларнинг айби гувоҳларнинг кўрсатмалари, ҳарбий низомнинг хулосалари, экспертиза ва ҳужжатли текшириш актлари билан исботланган. Дилманов ва бошқа судланувчилар, биттасидан ташқари, ўз айбларига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишларига пушаймон бўлишган. Улар ўзларига нисбатан максимал енгил, паст жазо турини тайинлашни, шунингдек, уларга нисбатан қўшимча чоралар қўлламасликни сўраганлар.

Aйбланувчилардан бири беш йилга озодликдан маҳрум этилган, иккинчиси олинган пора миқдорининг 30 баробари, яъни 38 миллион тенгедан (деярли 83 минг доллар) ортиқ жаримага тортилган. Қолган айбланувчилар 3,5 йилдан 5,5 йилгача бўлган муддатга, мол-мулки мусодара қилинмаган ҳолда, озодликдан маҳрум қилинган. Барча судланганлар давлат хизмати лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан умрбод маҳрум этилган.

Суд, шунингдек, Қозоғистон президентига Дилмановни «генерал-лейтенант» ҳарбий унвони, давлат мукофоти – 2-даражали «Aибин» ордени ва «ҚР Миллий хавфсизлик қўмитаси фахрийси» фахрий унвонидан маҳрум этиш тўғрисида таклиф киритган.

ℹ️ Дархон Дилманов 2015 йил июнидан 2022 йил апрелига қадар Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари – Чегара хизмати директори лавозимида ишлаган. Қозоғистонда хавфсизлик кучлари сафларини тозалашлар 2022 йил январь воқеаларидан сўнг бошланди, маълумки ушбу воқеалар чоғида 230 киши ҳалок бўлган, 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланганди.

Ўша йилнинг январь ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги божхона статистикасидаги тафовут 5,7 миллиард долларга етганига эътибор қаратган эди: «Бунчалик катта фарқ қандай пайдо бўлганини ҳеч ким тушунтириб бера олмаяпди. Очиғи, бу контрабанда», — дея таъкидлаган давлат раҳбари ва Хитой билан чегарада тартиб ўрнатишни буюрган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ