Садир Жапаров Қирғизистон давлат байроғининг янги вариантини тасдиқлади

Қирғизистон байроғининг янги варианти

Қирғизистон президенти Садир Жапаров давлат рамзлари тўғрисидаги қонунга ўзгартиришларни имзолади, унга кўра мамлакат байроғи ўзгартирилди. Бу ҳақда 22 декабрь куни давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

«Қонун Қирғизистон Республикасининг асосий давлат рамзларидан бири – мамлакат байроғини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинди. Қабул қилинган қонунга кўра, Қирғизистон Республикаси байроғидаги қуёш нурлари шакли тўлқинсимондан тўғрига ўзгартирилди», — дейилади хабарда.

Давлат байроғи тасвири туширилган барча турдаги расмий ҳужжатлар амал қилиш муддати тугагунга қадар амал қилади. Автомобиль рақамлари, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномалари ва уларнинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган бошқа ҳужжатлар алмаштириш тўғрисида алоҳида қарор қабул қилингунга қадар амал қилади.

Байроқни ўзгартириш ташаббускори Садир Жапаровнинг ўзи бўлди. Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) депутатлари қонун лойиҳасини бирданига учта ўқишда маъқуллади.

Ташаббус жамиятда турли хил реакцияга сабаб бўлди, унинг кўплаб мухолифлари бор. Энг фаоллардан бири, Бишкекда «Байроқдан қўлингни торт» шиори остида автоюриш ва тинч митинг ўтказмоқчи бўлган Афтандил Жўробеков ҳатто ҳибсга олиниб, тергов изоляторига олиб кетилган.

«Социал-демократлар» партияси етакчиси Темирлан Султонбеков байроқ нурларини тўғрилаш Қирғизистоннинг энг муҳим ҳамкорларидан бири бўлган Туркияда тушунмовчиликни келтириб чиқариши мумкинлигидан хавотир билдирди. Сиёсатчи Туркий Давлатлар Ташкилоти байроғидаги қуёш тасвири Қирғизистон байроғидан олингани, энди уни ўзгартиришга тўғри келишини тушунтирди.

«Нурлар шаклига киритилган янги ўзгаришлар Язидлар байроғи ва Курдистон байроғининг нусхаси бўлади. Эслатиб ўтаман, Туркия курдларни миллат сифатида тан олмайди ва уларни «тоғ турклари» деб билади, айни пайтда Туркия ва Курдистон Ишчилар партияси ўртасида узоқ йиллардан бери қонли жанглар давом этмоқда. Туркия етакчи роль ўйнаган Туркий Давлатлар Ташкилоти байроғида язидлар байроғидаги қуёш тасвири бўладими?» — дея Султонбеков сўзларидан иқтибос келтиради Kaktus.media.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ