Европа Иттифоқи Туркманистонга инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш бўйича тавсиялар берди

Туркманистон ТИВ матбуот хизмати фотосурати

Европа Иттифоқи (ЕИ) вакиллари Туркманистон расмийларини мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш учун бир қатор шартларни бажаришга чақирди. Хусусан, аёллар ҳимоясини кучайтириш, сайтларни блоклашни тўхтатиш ва халқаро ташкилотларнинг қамоқхоналарга киришини таъминлаш бўйича қонунчиликни ўзгартириш борасида. Бу тавсиялар 18 декабрь куни Брюсселда бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича йиллик мулоқот доирасида муҳокама қилинди, деб хабар беради ЕИ матбуот хизмати.

Мезбон томон Туркманистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқларини қайд этди. Ижобий жиҳатлар – жорий йилнинг апрель ойида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари махсус вакилларининг республикага ташрифи ва ундан кейинги Европа Иттифоқи – Туркманистон парламентлараро учрашуви ҳақида сўз юритилди.

Шунга қарамай европалик экспертлар Марказий Осиё давлати расмийлари эътиборини бартараф этилиши керак бўлган бир қатор камчиликларга қаратди. Шундай қилиб, Ашхободга қуйидагилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун самарали чоралар кўриш тавсия этилди:

✅ аёллар ва қизлар;

✅ болалар;

✅ ЛГБТ жамияти вакиллари (РФда экстремистик ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган);

✅ диний озчиликка мансуб шахслар.

Амалий қадамлар ҳақида гапирар экан, Европа Иттифоқи Туркманистон ҳукуматини Жиноят кодексига оиладаги зўравонлик ҳақидаги моддани киритиш ва ўзаро рози гомосексуал муносабатларни жиноятдан чиқаришга чақирди.

Қамоқдагилар аҳволи, қийноқлар қўлланиши ва маҳбусларга нисбатан шафқатсиз муносабатлар ҳақидаги маълумотлар фонида Европа Иттифоқи делегатлари Халқаро Қизил Хоч қўмитаси экспертларига қамоқхоналарга ташриф буюриш имкониятини бериш зарурлигини таъкидладилар.

Бундан ташқари, барча фуқароларнинг Интернет тармоғига киришини таъминлаш, ижтимоий тармоқлар ва веб-сайтлар, жумладан, мустақил оммавий ахборот воситаларининг веб-ресурсларини блоклашни бекор қилиш орқали сўз эркинлиги даражасини ошириш бўйича тавсиялар берилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ