2023 йили Ўзбекистонда маданий мерос объектларига етказилган зарар қарийб 2,3 миллион долларни ташкил қилди

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати фотосурати

2023 йили Ўзбекистондаги маданий мерос объектларига етказилган зарар 28 миллиард сўмдан (деярли 2,3 миллион доллар) ошган. Бу ҳақда Республика Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бу сумма қонунбузарлар томонидан етказилган зарар бўлиб, уларга нисбатан 160 та иш қўзғатилган – 25 та жиноий ва 135 та маъмурий.

Масалан, Сурхондарё вилояти Шеробод тумани ҳокимлиги ходимлари ва қуйидаги ҳуқуқбузарликларни содир этишда иштирок этган фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган:

👉 Турар-жой биноларини қуриш учун Гуринтепа ёдгорлигининг (V-VIII асрлар) 200 кв.м майдони бузилганидан етказилган 4,7 млрд. сўм (383,5 минг доллар) зарар учун;

👉 «Тоштепа» (V-VII асрлар) ёдгорлигида 56 кв.м молхона қуриш— 1,2 млрд сўм ($98 минг);

👉 «Таллаган тепа» (эр.ав.V-I асрлар) ёдгорлиги ҳудудида 40 кв.м йўл қурилиши оқибатида — 888 млн сўм ($72,5 минг);

👉 «Хушвақт тепа» (I-IV асрлар) ёдгорлиги ҳудудида 12.м туалет қурилишидан — 266 млн сўм ($22 мингга яқин) зарар етказилгани учун.

Жорий йили мамлакатда 5 минг 240 та маданий мерос объектлари муҳофазага олинган, яна 6 минг 780 та объектга жамоатчилик назорати ходимлари бириктирилган.

Бундан ташқари, умумий қиймати 1,6 миллиард сўм (130 минг доллар) бўлган 2036 дона маданий бойликларнинг Ўзбекистондан ноқонуний олиб чиқиб кетилишига чек қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, маданий бойликларни мамлакатдан олиб чиқиш ҳукуматнинг махсус қарори билан тартибга солинади. Унда айтилишича, эллик ва ундан ортиқ йил аввал яратилган буюмларни Ўзбекистондан олиб чиқиб кетиш мумкин эмас.

Лекин бундай ҳолатлар вақти-вақти билан содир бўлиб туради. Шундай қилиб, жорий йилнинг май ойида Андижон вилояти «Маданият» божхона пости ходимлари томонидан чегарадан ўтаётган фуқаролардан 115 дона қадимий танга ва иккита бадиий-тарихий аҳамиятга эга самовар аниқланиб, олиб қўйилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ