Оғир атлетика бўйича қозоғистонлик чемпион яна допинг сабаб дисквалификация қилинди

Зулфия Чиншанло. 24smi.org сайти фотосурати

Қозоғистоннинг энг кучли оғир атлетикачиларидан бири, уч карра жаҳон чемпиони Зулфия Чиншанло антидопинг қоидаларини қайта-қайта бузгани учун саккиз йиллик дисквалификация олди. Бу ҳақда Vesti.kz хабар берди.

Нашрнинг эслатишича, 2022 йили 30 ёшли спортчининг танасида «Метандиенон» анаболик стероиди излари топилган. Чиншанло учун бу қоидабузарлик дастлабки эмас, спортчи аёл аввали ҳам допинг истеъмол қилгани учун икки йиллик дисквалификацияни ўтаган ва 2012 йилги Олимпия ўйинларининг олтин медалидан маҳрум қилинган. Кейин унинг тестларида тақиқланган «Станозолол», «Дегидрохлорометилтестостерон» ва «Оксандролон» препаратлари аниқланган.

Чиншанло спортга қайтганидан сўнг 2020 йили Токиодаги Олимпиадада шоҳсупадан жой олган ва Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритган.

Спортчи дисквалификация тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Қозоғистонлик оғир атлетикачилар вақти-вақти билан допинг истеъмол қилгани учун қўлга тушади, дисквалификация қилинади ва мукофотлардан маҳрум қилинади. Шундай қилиб, 2016 йили Илья Ильин тақиқланган препаратларни қўллагани учун дисквалификация қилинган ва Олимпия олтинидан маҳрум қилинган. Мая Манеза ва Светлана Подобедова ҳам дисквалификация қилинган. Жорий йил бошида Игорь Сон саккиз йиллик дисквалификация олган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ