2024 йили Ўзбекистонда янги дастур старт олади, унга кўра ҳар бир маҳаллада камида иккита дастурчи истиқомат қилади. Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Рақамли технологиялар вазирлиги олдига мана шундай вазифа қўйди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Дастурчилар маҳаллий аҳоли орасидан саралаб олинади. Шунингдек, мутасаддиларга 30 минг нафар ёшни инглиз тилига ўқитиб, IELTSдан камида 7 балл, немис ва бошқа тиллардан B2 сертификати олиши учун шароит яратиш вазифаси юклатилди.
Келгуси йилдан бошлаб Ўзбекистонда халқаро меҳнат бозори учун ҳар йили 8 минг IТ-мутахассисни танлаш, ўқитиш ва тайёрлаш тизими жорий этилади. Умуман олганда, халқаро IТ-компаниялар стандартларига жавоб берадиган дастурлар асосида 300 минг кишини ўқитиш ва иш билан таъминлаш режалаштирилган.
Президент 2024 йилда ҳудудларда IТ-хизматларини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилишини айтди. Жумладан:
👉 IT компаниялари ҳудудлардаги бўш турган биноларга бир йил муддатга бепул жойлаштирилади;
👉 иқтидорли дастурчиларга бир йил ичида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан компьютер ва техникалар берилади;
👉 50 дан ортиқ IT мутахассисини ишли қилган компанияларнинг бир йил давомидаги иш ҳақи харажатини 15 фоизгача қисми қоплаб берилади;
👉 экспортчи корхоналарга четдан эксперт жалб қилиш, халқаро конференцияларда қатнашиш харажатларининг 50 фоизи компенсация қилинади.
Бу мақсадларга келгуси йилда 65 миллиард сўм ажратилади.
2024 йил охиригача Ўзбекистоннинг ҳар бир туманида IТ-шаҳарчалар барпо этилиши керак.
Рақамли технологиялар вазирлигига келгуси йили Ўзбекистонда рақамли инфратузилмани ривожлантириш, хусусан, мамлакатни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш учун хорижий сармояларни жалб этиш бўйича топшириқ берилди. Вазирлик IT паркни халқаро миқёсга олиб чиқиш учун келгуси йилда Германия ва Саудия Арабистонида унинг шўъба корхоналарини очади.
АҚШлик ҳамкорлар билан «Инклюзив рақамлаштириш» лойиҳаси доирасида камида 20 минг нафар ёшлар, аёллар ва ногиронлиги бўлган аҳоли бандлигини таъминлаш режалаштирилган.
ℹ️ Ўзбекистон расмийлари IТ соҳасини ривожлантириш зарурлиги ҳақида бир неча йиллардан бери гапириб келади. 2019 йил март ойида Шавкат Мирзиёев республиканинг барча шаҳарларида, хусусан, электрон тижорат ва дастурлашга бағишланган бепул IТ курсларини ташкил этиш тўғрисида буйруқ берган эди. Ўша йилнинг ноябрь ойида One Million Uzbek Coders лойиҳаси ишга туширилди, унинг доирасида миллион маҳаллий дастурчиларни тайёрлаш учун бепул онлайн курслар ташкил этилди. Президент матбуот хизмати хабарига кўра, лойиҳа доирасида 1 миллион 200 минг нафар ўзбекистонлик ёшлар малака ошириш сертификатига эга бўлди.
Яратилган шароит ва имтиёзлар натижасида Ўзбекистонда IТ-компаниялар сони 2017 йилдаги 147 тадан 2023 йили 1600 тага етди. Иш ўринлари сони ҳам ўн баробар ортиб, 24 мингдан ошди. Жорий йил охиригача 2017 йили 600 минг долларни ташкил этган мазкур соҳа экспорти 300 миллион доллардан ошиши, 2024 йили эса 800 миллион долларни ташкил этиши кутилмоқда.