Россия президенти Владимир Путин ўтган дам олиш кунлари Москвада бўлиб турган Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашди. Буни 20 декабрь куни Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга тасдиқлади, деб ёзади ТАСС.
«У [Назарбоев] ҳақиқатан ҳам Москвада эди ва унинг президент билан шахсий, яккама-якка учрашуви бўлиб ўтди», — деди Кремль вакили.
Назарбоев Путин билан охирги марта Россия пойтахтида 2022 йил июнида учрашган. Ўшанда улар икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан бир-бирини табриклаб, бир-бирларига мустаҳкам соғлик тилаганлар ва мавжуд дўстона алоқалар бундан буён ҳам давом этишига ишонч билдирдилар, дея хабар берганди Назарбоев матбуот хизмати. Кремль учрашув ҳақида хабар бермаганди.
2022 йил январидаги тартибсизликлардан сўнг омма эътиборидан деярли четда бўлган Қозоғистон биринчи президенти ҳақидаги сўзлар сўнгги ойларда Қозоғистон ва Россия ОАВларида кўпроқ пайдо бўлмоқда. Хабар берилганидек, 12 декабрь куни Назарбоев «Астана клуб» мунозаралар платформасининг еттинчи йиғилишида иштирок этиб, унда янги геосиёсий воқелик шаклланишининг асосий сабабларини айтиб ўтган. Тадбирда Назарбоевнинг қизи Дариға ҳам бўлган.
1 декабрь куни собиқ президентнинг хотиралари чоп этилди, унда у биринчи марта иккинчи хотини, ўғиллари ҳақида очиқ гапирган, шунингдек 2022 йил январидаги фожиали воқеалар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашган.
Бундан олдин, ноябрь ойида Назарбоев укаси Болат вафоти муносабати билан билдирилган илиқ сўзлар учун юртдошларига миннатдорчилик билдирган эди.