Қозоғистоннинг Мангистау вилоятида ходимлари бир ҳафтадан бери ишга чиқмаётган «West Oil Software» нефт-сервис компанияси «ноқонуний иш ташлаш туфайли» авариялар юз бериши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда компаниянинг 18 декабрь куни эълон қилинган баёнотида айтилади.
Унда «West Oil Software» ва «КазМунайГаз» миллий компаниясининг шўъба корхонаси «Ойл Транспорт Корпорейшэн» МЧЖ ўртасида 2027 йилгача шартнома имзоланган ва компания ўз мажбуриятларини тўлиқ ҳажмда, «иш ташлашган ишчилар иштирокида ёки уларсиз» бажариши айтилган.
«Ноқонуний иш ташлаш муносабати билан нефть қудуқларида авария содир бўлиши хавфи мавжуд бўлиб, бу атроф-муҳит ва фуқароларнинг соғлиғига зарар етказиши, шунингдек буюртмачига катта иқтисодий зарар етказиши мумкин», — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, иш ташлаш туфайли компания шартнома шартларини бажармагани учун ҳар куни 23 миллион тенгедан (50 минг доллар) ортиқ зарар кўради.
Баёнотда, шунингдек, компания жамоа шартномаси ва меҳнат қонунчилиги талабларига тўлиқ амал қилаётгани, ишчиларга эса «бошқа нефть-сервис корхоналаридаги иш ҳақи миқдоридан кўпроқ» иш ҳақи билан таъминлаётгани қайд этилган.
«Иш ташловчиларнинг аргументлари ҳақиқатга тўғри келмайди. Ходимларнинг талаблари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилган ва ҳал этилган. Компания ишчиларни КМГга ўтказиш (КазМунайГаз — нашр изоҳи) ва ишчиларнинг иш ҳақини КМГ Ягона меҳнатга ҳақ тўлаш тизими даражасига етказиш бўйича талабларнинг бажарилишига қарши, чунки бу масалалар иш берувчи ва ишчилар ўртасидаги меҳнат низосининг предмети бўлиши мумкин эмас», — дейилади «West Oil Software» баёнотида.
Нефьт хизматлари компаниясининг 500 га яқин ходими 11 декабрь куни иш ташлаган. Иш ташлаш суд томонидан ноқонуний деб топилганига қарамай, бир ҳафтадан бери давом этмоқда. Иш ташловчилар «КазМунайГаз» миллий компанияси таркибига бирикиш, шунингдек, уларга ягона иш ҳақи тизимини жорий этиш, моддий-техника базасини янгилашни талаб қилишмоқда.
«КазМунаиГаз» раиси Мағзум Мирзагалиев аввалроқ компания иш ташлашаётган ишчиларни ёллай олмаслигини, бироқ West Oil Software ускуналарини янгилашга тайёрлигини маълум қилганди.