Янги Зеландияликлар ўз ватандошидан алданиб қолган ўзбекистонликларга виза ва иш бўйича ёрдам беришди

Ватандошидан алданган ўзбекистонликлар. stuff.co.nz сайти фотосурати

Янги Зеландиянинг машҳур Stuff сайти ўқувчилари иш берувчилар томонидан алданган Ўзбекистон фуқаролари ҳақидаги мақолага муносабат билдиришди ва уларга зарур ёрдам кўрсатишди.

Сентябрь ойида Stuff ишсиз ва пулсиз қолган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари ҳақида хабар берган. Саккиз нафар (даставвал 15 нафар) Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида яшовчи одамлар Янги Зеландияга келиб жойлашган ватандоши Шерзод Носиров («Нозиров» варианти ҳам қўлланилади)нинг ўзи ишлаётган ва қурилишдаги пардозлаш ишлари билан шуғулланувчи Zero Max Line компанияга ишга жойлаштириш вадасига ишонишган.

Эркаклар бир-бирини танимаган, уларнинг ҳеч бири инглиз тилини билмаган, қурилишда ишлаш тажрибаси бўлмаган: масалан, бири аввали ички ишлар органи ходими, иккинчиси талаба бўлган. Носиров улар ҳафтасига 40 соат ишлашларини ва қилган ишлари учун соатига 28 доллар олишларини ваъда қилган. У 2500 доллардан 3500 долларгача бўлган иш визаларини олишда ёрдам бериши учун ангренликларнинг ҳар биридан 10 минг АҚШ доллари миқдорида «гаров пули» ва «гонорар» сўраган. Носиров ҳаттоки йигитлардан бирини уйи ва бутун мол-мулкини сотишга кўндирган.

Оклендга етиб келган ўзбекистонликларнинг иш асбоблари, кийим-кечак (1990 долларгача), транспорт ва объект хавфсизлиги сертификатлари (205 доллар) учун қўшимча пул тўлашига тўғри келган. Уларга ҳафтасига 20 соат ишлашлари мумкинлиги ҳақида имзо учун хатлар берилган (гарчи визада 40 соат кўрсатилган бўлса ҳам). Эркаклар қоғозга имзо қўйишган, лекин улар нима ҳақида эканлигини тушунишмаса ҳам, чунки матн инглиз тилида бўлган.

Кейин Носиров ангренликларга тозаланган ернинг квадрат метри учун 3,50-4 доллар тўлашини маълум қилган. Йигитлар Stuff журналистига Ўзбекистонда бу иш учун кўпроқ маош тўланишини айтишган.

Ўзбекистон фуқароларининг бир қисми ватанига қайтган. Қолганлари бир неча ой ишлашган. Улар Носировга иш ҳақи ва иш ҳажми бўйича шикоят қилишган, бироқ у сув тошқини туфайли корхонасида муаммолар юзага келгани ва уларга ваъда қилинган маблағни тўлай олмаслигини айтган.

Алданган ишчилар бу ҳақда ижтимоий тармоқларда эълон қила бошлаганидан кейин Stuff нашри ушбу янгиликни ёритади. Шундан сўнг Янги Зеландия иммиграция хизмати (INZ) Zero Max Line компаниясини ёпган.

Вазият матбуот эътиборини тортганини билгач, Носиров «гаров» пулининг бир қисмини қайтариб берган. Жумладан, уйини сотиб, Носировга 21 минг доллар берган йигит унга 15 минг доллар қайтариб берганини маълум қилган.

Stuff Носиров билан боғланганида, у ангренликлар билан боғлиқ воқеани бемаънилик деб атаган. «Менда кўпроқ далиллар бор. Касалхонадан эндигина чиқдим, ёзганларингиз ҳақиқатга тўғри келмагани учун бир ой давомида стрессда бўлдим», — деган ва телефонни ўчириб қўйган. Кейинчалик Stuff Носировнинг хотини Наргиза Анорбоевна билан боғланганида, у бу ҳақда ёзмасликларини сўраган.

Алданган ангренликларнинг манфаатларини INZнинг собиқ ходими, рус тилини бироз биладиган Стивен Вествуд бепул ҳимоя қилган. У Носиров «мижозлари»га ноқонуний равишда олинган «гаров пули»ни ҳисобга олмаганда, тўланмаган иш ҳақи ва таътил пули кўринишида 37,7 минг доллардан ортиқ қарздорлигини аниқлаган.

Сентябрь ойидаги Stuff эълон қилган мақоладан сўнг унинг ўқувчилари ангренликлар учун озиқ-овқат ва кийим-кечаклар жўнатишган, уларга пул ўтказа бошлаганлар. Янги Зеландиядаги ўзбеклар жамияти аъзолари ватандошлари билан алоқа ўрнатиб, уларни келиб қўришган.

Саккиз нафар Ўзбекистон фуқароси Мигрантларни эксплуатация қилишдан ҳимоя қилиш (MEPV) иш визасига эга бўлиб, уларга доимий иш топиш учун олти ой муҳлат берилган. Лекин улар аллақачон иш топишган.

Гисборндаги русийзабон иш берувчи тўртта ангренликка қурилишдаги пардозлаш ишини таклиф қилган, уларни уй-жой билан таъминлаган ва узоқ муддатли виза олишга ёрдам бермоқчи. Бешинчи ўзбекистонлик рус тилидаги қурилиш компаниясида иш топган, инглиз тилини бироз биладиган олтинчиси Окленд аэропортида юк ташиш бўйича иш топган.

Рон Солтер ишга ёлланган ангренлик билан. stuff.co.nz сайти фотосурати

Қолган иккитасини Окленддаги Salter's Cartage транспорт компанияси эгаси ва бош директори Рон Солтер ишга ёллаган. Кейинроқ у ўзи ёллаган ўзбеклар меҳнаткаш, ҳалол ва самимий экани, маҳаллий аҳоли билан таржимон иловаси орқали мулоқот қилишаётганини айтган.

«Қизиқарлиси: дастлаб ходимларимиз тил тўсиғи муаммо бўлади деб ўйлаб [улар билан ишлашни] исташмади, аммо ҳозир улар [ангренликлар] жамоанинг бир қисмига айланишди, одамлар уларни хурмат қила бошлашди. Ходимлар бир нарсадан сабоқ чиқаришди: китобни муқовасига қараб баҳолаб бўлмайди», — дейди Солтер.

Ангренликларнинг собиқ иш берувчиси Шерзод Носиров на юртдошлари, на журналистлар билан боғланмаган. У Янги Зеландия иммиграция хизматининг «огоҳлантириш мактуби»ни ҳисобга олмаса, ҳар қандай жазодан қутулиб қолган, деб ёзади Stuff.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ