Уралск суди маҳаллий фаол Маруа Ескендировани гўёки ўзининг Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида эълон қилган митингга чақирувчи пости учун 25 суткага маъмурий ҳибсга ҳукм қилди. Қизиғи шундаки, аёлнинг ўзи бу аккаунтдан икки йилдан бери фойдаланмаётганини айтади. Бу ҳақда Озодлик (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг минтақавий бюроси) хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Ескендирова ҳозирда «жамоат ишлари билан шуғулланиш» ҳуқуқидан маҳрум ва пробация назорати остида. 14 декабрь куни эрталаб уни полиция бўлимига чақиришган ва у ерда ижтимоий тармоқда одамларни митингга чақирувчи пости туфайли бу тақиқни бузганини маълум қилишган.
Бу иш судя Руслан Сейткалиев раислигида кўриб чиқилган, судя йил давомида фаолнинг такрорий ҳуқуқбузарлик белгиларини кўрмаган ва «жиноят таркиби йўқлиги» учун ишни тўхтатган.
Бироқ, полиция тезда янги протокол тайёрлаган. Ушбу ҳужжатга кўра, 4 декабрь куни Ескендирова ўзининг Facebookдаги саҳифасида одамларни митингга чақирувчи пост эълон қилган.
14 декабрь оқшомида куннинг иккинчи суд жараёни бўлиб ўтган — бу сафар судя Ернар Холиқов Уралск фуқаросини ноқонуний митинглар ташкил этиш ва ўтказишга доир маъмурий модда бўйича айбдор деб топган. Суд қарорига кўра, Ескендирова яна шунга ўхшаш жиноят содир этганлиги сабаб 25 сутка қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Суд мажлисида фаол 2021 йилдан бери мобил телефони ўғирланганидан кейин Facebook аккаунтидан фойдаланмаётганини, бу ҳақда полицияга ариза ёзганини тушунтирган. Ижтимоий тармоқ смартфонга боғланганлиги учун қозоғистонлик аёл ўз саҳифасига кира олмаган. Ескендирова, шунингдек, гап нашр ҳақида эмас, балки номаълум фойдаланувчи шунчаки унинг аккаунтини бошқа бировнинг пости остида биритириб қўйгани ҳақида кетаётганини қўшимча қилган.
«Шахсан менинг постларим бўлмаган, мен митингга чиқмоқчи эмас эдим, чунки мен чекловлар остидаман. Мен ҳар рост гапираман ва ҳозирча чиқмайман деб айтаман <...> Агар ўзим митингга бормасам, нега кимнидир боришга ундайман?» — деган фаол суд жараёнида.
Адвокат Жанболат Қулжанов полиция унинг мижози ҳамон ушбу аккаунтдан фойдаланаётганини текширганми ёки йўқлигини аниқлашга уринган. Аммо полициядан ҳеч қандай жавоб бўлмаган. Адвокат, шунингдек, биринчи суд Ескендированинг хатти-ҳаракатларида айб топмагани учун ишни тугатганига эътибор қаратган.
«Бундан ташқари, мониторинг (ижтимоий тармоқлар) протоколи йўқ, у тузилган бўлиши керак эди. Участка инспектори мижозим далилларини текширмаган, менимча, унга қандайдир кўрсатмалар берилган», — деб ғазабланган Қулжонов суд жараёнида.
Фаол ва унинг адвокати суд қароридан норозилигини айтиб, ҳукм устидан шикоят қилиш ниятини билдирган.