Жамбил вилоятида (Қозоғистон жанубида) об-ҳавонинг кескин ёмонлашуви муносабати билан маҳаллий миқёсда фавқулодда ҳолат эълон қилинди, деб хабар беради вилоят ҳокимияти матбуот хизмати. Вилоятда 45 м/с гача кучаядиган кучли шамоллар, қор ёғиши ва ҳаво ҳароратининг пасайиши кузатилмоқда. Вилоят ва республика аҳамиятига молик йўллар тўсиб қўйилган.
Қутқарув ишларига 117 та махсус техника ва 103 киши (фавқулодда вазиятлар хизмати, ҳарбий хизматчилар) жалб қилинган.
15 декабрь куни эрталаб соат 6:00 ҳолатига кўра, 2413 киши қутқарилган, улардан 90 нафари болалар. 600 га яқин киши уйига қайтган, 1813 нафари иситиш марказларига жойлаштирилган. Уч нафар фуқаро Қўрдай туман марказий шифохонасига етказилган, уларнинг аҳволи барқарор.
Сўнгги икки кун ичида 5 мингдан ортиқ одам қутқарилган.
Йўлларда ҳамон қорга ботиб қолган машиналар бор. Уларнинг сонига доир маълумотларга аниқлик киритилмоқда. 24.kg хабарига кўра, Олға ва Қўрдай қишлоқлари оралиғида йўловчилари бўлган 100 дан 150 тагача автомобиль қўшни Қирғизистонга кета олмаган. Қозоғистонлик қутқарувчиларга уларнинг қирғизистонлик ҳамкасблари эвакуация ишида ёрдам беришмоқда — Республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги воқеа жойига 39 нафар қутқарувчи, бешта оғир техника, бир пикап ва иккита қорбосар машинасини жўнатган.
Шу туманида кучли шамол ва нам қор натижасида электр симлари узилиб, таянч устунлари қулаб тушган. Вилоятдаги 32 та аҳоли пунктида 8 мингдан ортиқ абонент электр таъминотисиз қолган. Газ қувурларида авариялар қайд этилмаган, улар одатдагидек ишламоқда.
Фавқулодда вазият туфайли «Шу-Ўтар» участкасида 11 йўловчи поезди тўхтаб қолган. Айни вақтда Шу туман транспорт прокуратураси маълумотларига кўра, йўловчи поездлари ҳаракатлана бошлаган, вазият назоратга олинган.
Ҳокимлик қозоғистонликлардан ваҳима қилмасликни сўрайди ва алоқа учун ишонч телефонлари рақамларини эълон қилди: 8 7262 513575, 51 41 67.
Беш кун аввал Олмаота, Чимкент ва Қозоғистоннинг 12 вилоятида бўрон ҳақида огоҳлантириш эълон қилинган эди. Ўнлаб республика йўлларида об-ҳаво шароити ёмонлашгани сабабли транспорт ҳаракати чекланган.