Тошкентда ўқувчи ток уришидан вафот этган мактаб директори ўринбосари қўлга олинди

tvspb.ru сайти фотосурати

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ноябрь ойида ўқувчи электр токи уришидан вафот этган Тошкентдаги 99-мактаб директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосарини қўлга олди. Бу ҳақда UzNews.uz Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Прокуратура хабарига кўра, мактабнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосарига ЖКнинг 207-моддаси («мансабга совуққонлик билан қараш») 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалари билан айблов эълон қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

Ўқувчининг ўлимига доир хабар 28 ноябрь куни пайдо бўлди. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, ўлимга электр токи уриши, ўткир нафас этишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши сабаб бўлган. Бундан ташқари, саккизинчи синф ўқувчисининг чап кафтида электр токи уриши аниқланган.

Шунга қарамай, Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ўқувчи мактаб ҳовлисидаги спорт майдонидан чиқиб кетаётганида тоби қочган ва ҳушидан кетган. Шу вақтни ўзида мактаб қоровули томонидан тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилинган. Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази шифокорлари томонидан ёрдам кўрсатилганига қарамай бола ўзига келмаган ва вафот этган.

1 декабрь куни мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг икки моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлди: «Хизматдаги эҳтиётсизлик» ва «Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёки сотиш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш».

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ