Олий суд ваколатига эга бўлган Франция Давлат кенгаши Ички ишлар ва Ташқи ишлар вазирликлари ходимларига жорий йилнинг ноябрь ойида ўз ватанига депортация қилинган Ўзбекистон фуқароси M.A.ни мамлакатга қайтариш учун барча чораларни кўришни топширган. Бу ҳақда Radio France Internationale (RFI) хабар берди.
Давлат кенгаши расмийларига эслатганидек, 2022 йили Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Ўзбекистон фуқаросини ўз ватанига жўнатиб бўлмаслигини, чунки у ерда қийноқларга дучор бўлишини эслатиб, қарор қабул қилган. Бироқ маълум бўлишича, Франция хавфсизлик кучлари бу қарорни эътиборсиз қолдирган.
RFI маълумотларига кўра, хорижлик (ОАВда фақат унинг бош ҳарфлари кўрсатилган) М.А. сўнгги бир неча йил давомида Францияда яшаган. Шу билан бирга, у ҳукуматга бошпана беришларини сўраб мурожаат қилган, бироқ 2021 йил охирида Ўзбекистон фуқаросига рад жавоби берилган.
2022 йил март ойидан М.А. уй қамоғида бўлган, гарчи адвокат Люси Саймоннинг сўзларига кўра, унинг мижози ҳеч қачон судланмаган ва ҳатто террористик исломий гуруҳлар билан алоқадорлиги ёки бошқа масалалар бўйича сўроққа чақирилмаган.
Ички ишлар вазирлиги 13 октабрь куни Ўзбекистон фуқаросини чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилган. Нашр таъкидлаганидек, ўша куни Франция шимолида асли россиялик радикал ислом динига эътиқод қилувчи шахс мактаб ўқитувчисини пичоқлаб ўлдирган воқеа содир бўлган. Ҳужумдан кейин Ички ишлар вазири Жеральд Дарманен барча хавфли хорижликларни мамлакатдан чиқариб юборишга ва иммиграция қоидаларини кучайтиришга ваъда берган.
16 ноябрь куни апелляция комиссияси M.A.нинг қўриқлаш бўлимининг ҳаракатлари ноқонуний эканлиги ҳақида даъвосини рад этган ва Ўзбекистон фуқароси самолётга ўтқазишган. У ватанига келгач, дарҳол ҳибсга олинган.
Энди эса Давлат Кенгаши чет элликни қайтаришни сўрамоқда. Бироқ, оммавий ахборот воситалари таъкидлаганидек, Олий суднинг қарори буйруқ эмас, балки Ички ишлар вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлигига маҳбусни «имкон қадар тезроқ» Франция ҳукумати ҳисобидан Парижга олиб келиш борасида тавсиядир.
Марказий Осиё янгиликлар хизмати (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг митақавий лойиҳаси) хабарига кўра, гап ўтган ой Франция Ўзбекистонга депортация қилган Муҳсинжон Аҳмедов ҳақида кетмоқда. Аниқлик киритилишича, айни пайтда қўлга олинган шахсга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, у Қўқон шаҳар ИИБда сақланмоқда.
2016 йили Аҳмедов терроризм, тақиқланган диний ташкилотларда иштирок этиш ва контрабандада айбланган. Гумонланувчи ватанини тарк этгач, қидирувга берилган.
Аҳмедов 2020 йили Монтеро шаҳрида яна икки хорижлик билан биргаликда кекса инсонни ёнғиндан қутқариб қолганида Франция матбуоти қаҳрамонига айланган эди. Шаҳар мэри Ўзбекистон фуқаросини фахрий медал билан тақдирлаган, шаҳарликлар эса муҳожирга сиёсий бошпана бериш тўғрисида петиция тузганлар. Ҳужжатни қарийб 30 минг киши имзолаганига қарамай, Франция ҳукумати Аҳмедовга қочқин мақомини беришдан бош тортган.