Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва уй-жой коммунал хизматлари кечаю кундуз ишлашга ўтди

12 декабрь куни Шавкат Мирзиёев Учтепа туманидаги «Тошкент иссиқлик маркази» корхонасини бориб кўрди. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни ноқонуний истеъмол қилинишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистондаги барча ҳуқуқ-тартибот идоралари ва ижтимоий инфратузилма хизматлари туну-кун иш режимига ўтказилди. Бу ҳақда республика президентининг матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 12 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда мутасадди ташкилотлар жорий қиш мавсумига жиддий тайёргарлик кўрганини таъкидлади. Ички захиралар тўлиқ ишга туширилиб, тармоқлар модернизация қилинган. Муассаса, маҳалла ва корхоналардаги камчиликлар бартараф этилган. Қўшимча энергия қувватларини яратиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган.

«Натижада қисқа вақтда 675 мегаватт ишга туширилди, йил якунига қадар 2,2 минг мегаваттли 7 та станция ишга туширилади. Шунингдек, 100 та подстанция, 11,5 мингта трансформатор ва 34 минг километр тармоқлар янгиланди», — деди Мирзиёев. Бундай ишларни давом эттириш ва қисқа муддатда якунлаш зарурлигини таъкидлади.

Президент ижтимоий тармоқлардан келиб тушган муаммолар ҳақида хабарларни ҳам ўқиб эшиттирди.

Уларда, жумладан, Наманган вилоятидаги газ қуйиш шохобчаларида ёқилғи етказиб беришда узилишлар борлиги айтилган. Балиқчи, Пахтаобод, Марҳамат ва Андижон туманларида совуқ ҳаво туфайли электр таъминотидаги муаммолар янада кучайган. Қашқадарё вилояти Ғузор ва Касби туманларида чироқ кўп ўчаётгани маълум қилинган.

Мирзиёев муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш ва келажакда уларнинг пайдо бўлишига йўл қўймасликни талаб қилди. Электр ва газ таъминоти корхоналари раҳбарларига тезкор гуруҳларни тайёрлаш ва уларнинг кечаю кундуз ишлашини таъминлаш, зарур асбоб-ускуналар ва материаллар билан таъминлашни кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди. Тегишли тузилмаларга ҳудудлардаги омборлардан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кўмир етказиб берилиши устидан кунлик назоратни таъминлаш, иситиш тизими хусусий шерикларга ўтказилган объектларда зарур кўмир захирасини яратиш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилишда Янги йил байрамини нишонлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Маданий тадбирлар юқори даражада ўтказилиши, кўнгилочар дастурлар ва хизматларни кўпайтирилиши қайд этилди. Шунингдек, бозорларда арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилади. Нарх-наволарни асоссиз оширишга уриниш Бош прокуратура томонидан назоратга олинади.

ℹ️ Ноябрь ойи охирида мутасадди идоралар Ўзбекистон энергетика тизимининг қиш мавсумига тўлиқ тайёрлиги ҳақида маълумот берди, мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев соҳа барча зарур – хомашё, материаллар, асбоб-ускуналар билан таъминланганини маълум қилган эди. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, қиш бошига келиб ҳукумат газ ва мазут заҳираларини сезиларли даражада оширган. 1 декабрдан Ўзбекистон энергетика тизими кечаю-кундуз ишлашга ўтган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ