Манғистаудаги нефтчиларнинг иш ташлаши ноқонуний деб топилди, бироқ ишчилар тарқалиш ниятида эмас

Vlast.kz сайти фотосурати

Қозоғистоннинг Манғистау вилоятидаги West Oil Software нефть-сервис компанияси ишчиларининг иш ташлашини ноқонуний деб топган суд бўлиб ўтди, деб хабар беради Vlast.kz нашри. Бироқ, иш ташлашчилар ўз талаблари бажарилишини кутар экан, тарқалиш ниятлари йўқлигини айтишган.

«Бизни турли ҳаракатлар билан тарқатиб юборишга ҳаракат қилишмоқда. Кеча СОБР келиб, чодирлар қуришимизга, сув иситишимизга рухсат беришмади. Лекин биз корхонамизни «ишончли бошқарув»дан чиқариб, «КазМунайГаз» билан бирлаштиришни талаб қиламиз. Чунки тендер ва хусусийлардан чарчадик. Ҳозир Манғистауда минус 15, лекин кетмаймиз. Йигитларнинг айтишича, агар улар одамларни ишдан бўшата бошласа ҳам, биз тарқаб кетмаймиз», — дейди нашрга ишчилардан бири.

Унинг сўзларига кўра, иш ташлашни ноқонуний деб топган суд ишчилар иштирокисиз ўтган. Давлат меҳнат инспекцияси, ўз навбатида, West Oil Software компанияси ходимлари ишлаётган «Мангистаумунайгаз» АЖ каби хавфли ишлаб чиқаришдаги узлуксиз циклли корхоналарда иш ташлашлар меҳнат қонунчилиги билан тақиқланганлигини таъкидлайди.

West Oil Software нефть конлари хизмати компаниясида 500 дан ортиқ киши ишлайди. У нефть ишлаб чиқарувчи корхоналар учун транспорт ва логистика, шунингдек, бошқа профессионал хизматларни тақдим этади. West Oil Software компанияси ишчилари 11 декабрь куни «КазМунайГаз» миллий компаниясига қўшилиш, уларга ягона иш ҳақи тизимини қўллаш ва моддий-техник базани янгилаш талаби билан иш ташлай бошладилар.

Улар маошни ошириш ва меҳнат шароитларини яхшилашни талаб қилиб, 2021 йили ҳам худди шундай акция ташкил қилишган. Ўшанда уларнинг иш ташлаши ноқонуний деб топилган ва хизмат кўрсатувчи компаниянинг бир неча иш ташлаган ишчилари маъмурий жавобгарликка тортилган. Шундан сўнг иш ташлаш тўхтатилган, аммо ишчилар судга мурожаат қилишларини айтишган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ