Осиё тараққиёт банки Ўзбекистондаги 700 километр қишлоқ йўлларини яхшилаш учун 240 миллион доллар кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда ОТБ матбуот хизмати хабар берди.
Банк қишлоқ маҳаллалари билан бозорлар ва хизматлар ўртасидаги алоқа муҳимлигини таъкидлайди, бунинг учун хавфсиз, ишончли ва иқлимга чидамли йўлларни сақлаш зарур.
«Ўзбекистон аҳолисининг қарийб ярми денгиздан икки давлат томонидан ажратилган, қишлоқ хўжалиги асосий тирикчилик манбаи бўлган қишлоқларда истиқомат қилаётганлиги сабабли, алоқалар жуда муҳим», — дейди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков.
Ажратилган маблағлар барча 12 вилоят ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида маҳаллий ва хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлашга йўналтирилади.
«Йўлларни яхшилаш ишлари йўл қирғоқларини мустаҳкамлаш, кўприклар, сув ўтказгичлар ва дренаж тизимлари орқали сиғим, сифат, уланиш, хавфсизлик ва иқлимга чидамлиликни оширишга қаратилган», — деб тушунтиради ОТБ.
Лойиҳа қишлоқ аҳоли пунктлари ва фермерларга ҳар қандай об-ҳаво шароитида бозорлар, мактаблар, соғлиқни сақлаш ва туман марказларига бориш имконини беради, дея қўшимча қилади матбуот хизмати.
Лойиҳа, шунингдек, қишлоқ аёлларини барқарор қишлоқ хўжалиги ва иқлим ўзгаришига чидамли амалиётларга ўргатиш орқали уларнинг имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Тадбиркорлик ва турмуш тарзи кўникмаларини ўргатиш учун маҳаллаларни ривожлантириш объектлари такомиллаштирилади, гендер асосидаги зўравонлик ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича тушунтириш ишлари режалаштирилган.
Бир неча кун аввал ОТБ Ўзбекистонга кичик ва ўрта бизнесни (КЎБ) қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун 100 миллион доллар кредит ажратган эди.
ℹ️ Осиё тараққиёт банки 1966 йили ташкил топган бўлиб, унинг аъзолари 68 та давлатдир. Ўзбекистон ташкилотга 1995 йили аъзо бўлган. Шундан бери банк мамлакатга умумий қиймати 10,8 миллиард доллардан ортиқ кредитлар, грантлар ва техник ёрдамлар ажратди.