Қозоғистон ҳукумати 2024-2026 йиллари ҳажми 2,4 куб километр бўлган 20 та сув омбори қурилишини бошлашни режалаштирмоқда. Янги объектлар республиканинг тўққизта вилоятида жойлашади. Бу ҳақда Бош вазир Алихон Смаилов раислигида бўлиб ўтган сув хўжалиги кенгаши йиғилишида сўз юритилди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.
Мутахассисларнинг фикрича, янги сув омборлари қурилиши суғориладиган ерлар майдонини 250 минг гектарга кўпайтириш ва 70 та аҳоли пунктини сув босиш хавфини камайтириш имконини беради. Асосийси, қурилган сув омборларининг ишга туширилиши Қозоғистоннинг қўшни давлатларга қарамлигини 25 фоизга камайтиради. Чунки
ҳозирда республикага сувнинг 46 фоизи қўшниларидан келади.
Умуман олганда, Қозоғистонда сув хавфсизлигини таъминлаш учун ҳокимият 2024-2030 йилларга мўлжалланган сув ресурсларини ривожлантириш комплекс режаси лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжатга кўра, юқоридаги объектларни қуриш билан параллел равишда 15 та мавжуд сув омбори, шунингдек, суғориш тизимларини кенг кўламда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади. Бундан ташқари, мамлакатда суғориш каналларини рақамлаштиришни якунлаш ва стратегик аҳамиятга эга Сатпаев каналини модернизация қилиш мўлжалланмоқда.
Комплекс режани амалга ошириш қуйидагиларга имкон беради:
🚰 сув ресурсларини 3,7 куб километрга ошириш;
🚰 суғориладиган ерлар майдонини 2,2 гектарга ошириш;
🚰 суғориш сувининг йиллик йўқотилишини уч куб километрга камайтириш;
🚰 55 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган 41 та аҳоли пунктини сув билан таъминлаш.
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш рағбатлантирилмоқда, шу муносабат билан давлат томонидан махсус суғориш ускуналарини сотиб олиш лойиҳаларига субсидиялар миқдори 50 фоиздан 80 фоизгача оширилади. Бунинг натижасида суғориладиган ерлар майдони сезиларли даражада ошади ва келгуси бир неча йил ичида 1,5 куб километргача сув тежалади.
Қозоғистон ҳукумати раҳбари Алихон Смаилов маҳаллий компаниялар ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари бу жараёнда фаол иштирок этиши, сув сарфини аниқлаш учун космик мониторинг тизимини ҳам ишлаб чиқиш кераклигини таъкидлади.
«Ҳар йили 150 минг гектар суғориладиган майдонларда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишимиз керак. Ҳозир йилига 40-50 минг гектар майдонда амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, сув тақчиллиги энг кўп бўлган жанубий вилоятларда амалга ошириш ҳажми жуда кам», — таъкидлади Бош вазир.
Смоилов бир қатор муҳим вазифаларни ҳал қилишни тезлаштириш зарурлигини қўшимча қилди:
👉 Миллий гидрогеология хизматини яратиш;
👉 «Казакводхоз»ни ислоҳ қилиш;
👉 Каспий денгизи муаммолари институтини ташкил этиш;
👉 сувни суғориш учун тарифларни тасдиқлаш, тармоқ мониторинги ва уни рақамлаштиришни ўз зиммасига оладиган ташкилотни аниқлаш.
Йиғилишда статистик маълумотлар тақдим этилди, унга кўра Қозоғистонда 102,3 куб километр сув бор – унинг 54 фоизи республика ҳудудида ҳосил бўлади. Иқтисодиёт тармоқларининг йиллик истеъмоли тахминан 25 куб километрни ташкил этади: 65% қишлоқ хўжалигига, 25% саноат эҳтиёжларига кетади.
Республикада 17736 та дарё ва вақтинчалик сув оқимлари, 4024 та кўллар, 4540 та ер ости сув конлари, 13175 та сув хўжалиги иншооти мавжуд.