Қирғизистонда 200 га яқин давлат хизматчиси жиноий гуруҳлар билан алоқадорлиги учун ишдан бўшатилди

kabar.kg сайти фотосурати

Қирғизистонда октабрь ойида йўқ қилинган криминал авторитет Қамчи Қўлбаев ва божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимовнинг уюшган жиноий гуруҳи билан алоқадорлиги туфайли турли даражадаги 180 дан ортиқ давлат хизматчиси ўз лавозимларидан четлаштирилди. Бу ҳақда Kloop.kg республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) матбуот марказига таяниб хабар беради.

Қўмита маълумотларига кўра, бугунги кунга қадар жами 226 нафардан ортиқ давлат хизматчиси фош этилган. Божхона органларида 85 нафар ходим аниқланиб, улардан 76 нафарига яқини ишдан бўшатилган, Ички ишлар вазирлигида 26 нафар шахс аниқланиб, улардан 14 нафари мансабдан четлаштирилган, маҳаллий Кенгашнинг 6 нафар депутати ўз мандатларини топширган, туман маъмурияти ва бошқаруви органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларида 65 нафар шахс лавозимларидан четлаштирилган. Яна бир қатор бошқармалар ходимлари ҳам ишдан бўшатилган.

«Давлат органларини ғаразли мақсадларни кўзлаган нопок, виждонсиз ходимлардан тозалаш бўйича бундай ишлар давлат тизимининг барча жабҳаларида бундан кейин ҳам давом эттирилади», — дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарида.

Ноябрь ойи бошида МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев Қирғизистонда уюшган жиноий гуруҳларга алоқадорлик, коррупция ва бошқа қонунбузарликлар учун 202 нафар давлат хизматчиси лавозимидан маҳрум этилишини маълум қилганди.

«Бугунги кунда Райимбек Матраимовга алоқадор 92 нафар, Қўлбаевга алоқадор 60 нафар ходимни аниқладик. Бундан ташқари, 50 нафар божхона ходими аниқланган. Жами 202 нафар давлат хизматчиси жиноий тузилмалар ва уюшган жиноий гуруҳларга, шунингдек, коррупцияга алоқадорлик учун ишдан олинади», — деди Ташиев.

ℹ️ «Райим-миллион» лақабли Райимбек Матраимов 2015 йилдан 2017 йилгача Қирғизистон божхона хизмати раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган. Жами у божхона тузилмасида 10 йилдан ортиқ ишлаган. Бу вақт ичида у хитойлик тадбиркор Хабибула Абдуқодирнинг яширин клани билан биргаликда коррупция схемасини тузган. Божхона бошқармаси бошлиғи собиқ ўринбосарининг ЕОИИ мамлакатларидаги контрабандага алоқадорлиги аввалроқ журналистик текширувда маълум қилинган.

Қирғизистонда 2020 йил октабрь ойида ҳокимият алмашганидан сўнг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси божхонадаги коррупция бўйича тергов бошлади, унда Матраимов иши кўрилган. 2021 йил февраль ойида собиқ амалдор «Коррупция» моддаси бўйича судланган. Матраимов тергов билан келишув тузиб, давлатга 2 миллиард сўм (24 миллион доллар) тўлагани туфайли қамоқдан қутулиб қолган.

ℹ️ Қамчибек Қўлбаев Қирғизистондаги энг машҳур криминал босслардан бири бўлган. АҚШ разведка идоралари уни дунёдаги энг йирик наркобаронлар рўйхатига ва Қўшма Штатлардаги мол-мулки мусодара қилиниши керак бўлган собиқ СССР мамлакатларининг энг йирик 10 та жиноят раҳбарлари қаторига киритган. Кўлбаевни ҳибсга олиш ёки унинг уюшган жиноий гуруҳининг «молиявий оқимини тўхтатиш»га ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар мукофот эълон қилинган.

Қўлбаев 4 октабрь куни хавфсизлик кучларининг махсус амалиёти чоғида ўлдирилган. Эртаси куни МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев уюшган жиноий гуруҳ аъзоларини «жамиятга қарши бош кўтармоқчи бўлган» ҳар қандай шахс қаттиқ жазоланишидан огоҳлантирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ