Бишкек полицияси Қирғизистон давлат байроғини ўзгартиришга қарши чиққан фаол Афтандил Жоробековни 7 декабрь куни кечқурун ҳибсга олди. У икки суткага вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди, деб ёзади «Клооп».
Жоробековга нисбатан ҳукумат амалдорларининг қонуний талабларига фаол бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликлар уюштиришга чақириш (Республика Жиноят кодекси 278-моддаси 3-қисми) бўйича айблов қўйилган.
Фаолнинг адвокати Маҳабат Мамасалиеванинг аниқлик киритишича, ҳибсга 6 декабрь куни унинг мижозининг Facebookдаги (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) пости сабаб бўлган. Видеомурожаатда фаол ҳукуматни ҳаёт яхшиланишини ваъда қилгани, аммо бу амалга ошмагани ва энди улар «мамлакат ривожига байроқ тўсқинлик қиляпти» деган қарорга келишганини таъкидлаган.
Маълумки, Жоробеков қўлга олинаётганда полиция унинг уйида тинтув ўтказган, интернетга кириш имконини берувчи қурилмаларни олиб кетган. Шунга қарамай, фаол эмоционал пост чоп қолдиришга муваффақ бўлган: «Мени ҳибсга олишяпти, телефонимни олиб қўйишяпти! Охригача! Байроқ ўзгармайди!!!», — деб ёзади у ижтимоий тармоқда.
Бишкеклик фаол 3 декабрь куни пойтахтда «Байроқдан қўлингни торт» шиори остида автоюриш ўтказишни режалаштирган, бироқ полиция тадбир иштирокчиларига йўлга чиқишни тақиқлаган. Шундан сўнг Жоробеков ҳамфикрларни 9 декабрь куни шаҳардаги тинч учрашувлар ўтказишга расман рухсат берилган кам сонли жойлардан бири – Горький боғида митинг ташкил этишга чақирган. Бордию, бу воқеа содир бўладиган бўлса, турган гап, тадбир ҳибсхонада бўладиган мафкуравий етакчисиз ўтади .
Бир ҳафтадан сал кўпроқ вақт олдин change.org сайтида Қирғизистон давлат рамзини ўзгартириш тўғрисида петиция пайдо бўлди. Унинг муаллифи, республика фуқароси Владимир Комиссаровнинг ёзишича, «байроқнинг мавжуд версияси жуда ихчам ва ижобий муждага эга, янги версиядаги байроқ эстетик ҳусусиятга эга эмас ва тиканга ўхшайди». У бундай ислоҳотлар ўтказишда мамлакатнинг барча аҳолиси фикрини инобатга олишни таклиф қилади ва шунинг учун ҳокимиятдан байроқни ўзгартириш бўйича жамоатчилик билан маслаҳатлашув ёки референдум ўтказишни сўрайди. Ушбу хабар эълон қилинган пайтда петицияга 465 киши имзо чеккан эди.
ℹ️ Байроқни ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси сентябрь ойида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. Баҳслар натижасида элементларнинг дизайни бир неча бор, жумладан, мамлакат президенти Садир Жапаров иштирокида ўзгартирилган. Натижада, олдинги версиядан фарқли ўлароқ, ўтов гумбази кўринишини ўзгартириш ва қуёшдан таралаётган 40 та нурни тўғрилашга қарор қилинган.
29 ноябрь куни Қирғизистон парламенти давлат рамзини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Депутат Улан Примовнинг қўшимча қилишича, давлат байроғининг янги дизайнини ишлаб чиқиш учун дастлабки босқичда байроқнинг эскизини яратган мутахассислар жалб қилинган. Унинг сўзларига кўра, мутахассислар математик ҳисоб-китобларни амалга ошириб, чизмаларини тузган. Депутатнинг аниқлик киритишича, бу ислоҳот Қирғизистон давлат бюджетидан харажатларни талаб қилмайди, балки ҳомийлар томонидан молиялаштирилади.