Ўзбекистон Конституциясини ўрганиш болалар боғчасидан бошланиши лозим, давлат хизматига ишга киришда эса мамлакат бош қонуни асослари билими синовдан ўтказилиши керак. Республика Президенти Шавкат Мирзиёев халқни 8 декабрь куни Конституция куни билан табриклар экан, шундай деди.
Давлат раҳбари жорий йили миллий тарихда илк бор референдумда Конституциянинг янги таҳрири қабул қилинганини эслатди.
«Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистоннинг беш устуни, яъни суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди, унинг мазмуни тубдан такомиллаштирилиб, янги боб ва моддалар билан бойитилди. <…> Халқимизнинг хоҳиш-иродасига биноан Асосий қонунимизда ўз аксини топган тамойилларни тўлиқ рўёбга чиқаришимиз ва ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантиришимиз лозим», — деди Мирзиёев.
Президент қўйидаги вазифаларни амалга ошириш заруратини таъкидлади:
👉 барча давлат идоралари, жумладан, судлар фаолиятида конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри қўллашни жорий этиш;
👉суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтириш;
👉ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносибликни таъминлаш бўйича конституциявий принципни рўёбга чиқариш мақсадида қонун ҳужжатларидаги 150 дан ортиқ ана шундай чоралар тўлиқ қайта кўриб чиқилади. Жумладан, айрим қилмишларни жиноятлар тоифасидан чиқариш;
👉 омбудсманлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа миллий институтлар фаолиятини такомиллаштириш;
👉 бюрократик тўсиқларни кескин қисқартириш ҳамда ушбу жараёнлардаги коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича ишларни изчил давом эттириш;
👉 давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳамкорликни чуқурлаштириш.
ℹ️ Ўзбекистон Конституцияси 1992 йил 8 декабрда тасдиқланган. Янги таҳрир 2023 йил 1 майдан кучга кирди. Мамлакат Асосий қонунига 27 та янги модда қўшилди, натижада уларнинг сони 128 тадан 155 тага кўпайди. Конституциянинг 65 фоизига ўзгартиришлар киритилди. Ўзгартишлар қаторида Ўзбекистон Президентининг ваколат муддатини беш йилдан етти йилгача ошириш, республика фуқаросини бошқа давлатга экстрадиция қилишни тақиқлаш, Конституциянинг бевосита амал қилиш принципини белгилаш, ўлим жазосини тақиқлаш ва бошқалар ўрин олган.