Қозоғистон Европа Иттифоқи билан стратегик ҳамкорликни ривожлантириш ниятида. Бу ҳақда давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев 7 декабрь куни Европа Иттифоқи элчиси Кестутис Янкаускас билан учрашувда маълум қилди, деб хабар беради Оқорда сайти.
«Давлатимиз раҳбари Қозоғистоннинг ЕИ билан стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга содиқлигини, шунингдек, мамлакатимиз ташаббуси билан бошланган C5+ЕИ формати доирасида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришни давом эттириш ниятини тасдиқлади», — дейилади хабарда.
Президент сиёсий ислоҳотлар курси муваффақиятли амалга оширилаётгани ҳақида гапириб, демократияни мустаҳкамлашда Қозоғистонни қўллаб-қувватлаётгани учун Европа Иттифоқига миннатдорлик билдирди.
Учрашувда муҳим хом ашё, «яшил» ўсиш, транспорт, логистика ва қишлоқ хўжалиги каби соҳалардаги ўзаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди, дея қўшимча қилди Қозоғистон раҳбари матбуот хизмати.
Тўқаев Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳақида биринчи марта гапираётгани йўқ. Ўтган ёзда Европа Кенгаши президенти Чарлз Мишел билан учрашар экан, у Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни устувор вазифа, Европа Иттифоқи эса «етакчи савдо ҳамкори ва Қозоғистон иқтисодиётининг энг йирик инвестори» деб атади.
Охирги ойларда республика Европа Иттифоқидан бир қанча юқори мартабали меҳмонларни қабул қилди: Франция президенти Эммануэль Макрон Остонага расмий ташриф билан келди, Тўқаев билан савдо-иқтисодий, сармоявий ва энергетика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди. Кейинроқ Қозоғистон раҳбари Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан учрашди.
Ноябрь ойи охирида Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О′Салливан 7 ой ичида иккинчи марта Қозоғистонга ташриф буюриб, Россияга бир қатор товарлар реэкспортини қисқартиришда кўрсатган ёрдами учун республика раҳбариятига миннатдорчилик билдирди.