Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти ҳудудида россиялик инвесторлар кўмагида қиймати 191 миллион долларлик тоғ-дам олиш мажмуаси қурилиши бошланди. Мамлакат раҳбари матбуот хизмати хабар беришича, объекни қуришни бошлаш маросимида Президент Садир Жапаров иштирок этган.
«6 декабрь куни Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаров Иссиқкўл вилоятига амалий ташрифи доирасида «Қаркира» тоғ — дам олиш мажмуаси қурилишини бошлади», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Капсула қўйиш маросими бошланишидан аввал инвесторлар концепцияга кўра, халқаро стандартлар бўйича йил давомида фаолият юритувчи дам олиш маскани мақомини олишини маълум қилишган.
Бир неча босқичда амалга ошириладиган лойиҳанинг тахминий қиймати 191 миллион долларни ташкил этади.Президент матбуот хизмати хабарида қурилишда иштирок этаётган Россия компанияларининг номи кўрсатилмаган. Бироқ Tazabek интернет нашрининг қайд этишича, маросимда бир қатор Россия компанияларининг эгаси ва ҳаммуаллифи бўлган тадбиркор Аркадий Чернов иштирок этган.
«Қирғизистон, айниқса, Иссиқкўл нафақат ёзда, балки қишда ҳам ўзгача. Агар «Қоракўл» тоғ-чанғи курортини оладиган бўлсак, у МДҲ мамлакатлари қишки курортлари орасида етакчи ўринни эгаллайди, буни хорижий мамлакатлардан келган сайёҳларнинг ҳайратли шарҳлари ҳам тасдиқлайди. Қолаверса, «Қоракўл» тоғ-чанғи курортига ҳар йили нафақат хорижлик, балки маҳаллий сайёҳлар ҳам кўп келишига барчамиз гувоҳ бўламиз. Шундай шароитда «Қарқира» тоғ-дам олиш мажмуасини барпо этиш давр талаби ва сайёҳлар истаги десам, адашмайман”, — дея Жапаровнинг сўзларини келтиради унинг матбуот хизмати.
Президентнинг сўзларига кўра, янги соғломлаштириш мажмуасига «машинада бориш учун жуда қулай» бўлади.
«Бундай мажмуани барпо этиш ниятимизни амалга ошириб, табиий бойликларимиздан халқимиз ва юртимиз манфаати йўлида фойдаланишимизга ишонаман», – деди у.
Қирғизистон раҳбари «Қаркира» лойиҳасининг амалга оширилиши Россия билан «иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга катта туртки» беришига ишонч билдирди.