Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 декабрь куни нишонланадиган Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида» фармонни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Фармон билан 334 нафар шахс афв этилди. Улардан 34 нафари асосий жазони ўташдан тўлиқ, 249 нафари шартли равишда жазони ўташдан озод этилди, 45 нафар фуқаронинг жазо муддати қисқартирилди. Яна олти нафар маҳбуснинг жазоси енгилроқ жазога алмаштирилди.
Афв этилган шахсларнинг 34 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 249 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 6 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 45 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Афв этилганлар орасида 23 нафар аёл, 15 нафари 60 ёшдан ошган эркаклар, 88 нафари фаолияти тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этганлар, шунингдек, 18 нафар хорижий давлат фуқаролари бор.
«Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
ℹ️ Шундай қилиб, жорий йил бошидан буён Ўзбекистонда 1161 нафар шахс афв етилди: 31 август куни Мустақиллик байрами арафасида қабул қилинган аввалги фармон билан 286 нафар, апрель ойида Рамазон ҳайити муносабати билан 541 фуқаро афв этилди.