ORDA.kz: Назарбоевнинг судланган жияни шартли-муддатидан олдин озод қилишларини сўради

kaztag.kz сайти фотосурати

Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни, маблағларни ўзлаштирганликда айбланиб, жазони ўтаётган Қайрат Сатибалди шартли-муддатидан олдин озод этишлари сўраб ариза берди, деб ёзади ORDA.kz ўз манбаларига таяниб

Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, Сатибалди Шарқий Қозоғистон вилоятидаги 22-сонли жиноий-ахлоқ тузатиш бошқармасига шартли равишда озод қилиш тўғрисида ариза юборган. У етказилган зарарни тўлагани ва хулқ-атвори яхши бўлгани учун муддатидан олдин озодликка чиқмоқчи, деб ёзади газета.

Ҳар қандай маҳкумнинг жазо муддати терроризм ёки вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик каби оғир жиноятлар билан боғлиқ бўлмаса, шартли-муддатидан олдин озод қилишлари тўғрисида ариза бериш ҳуқуқи сақланиб қолади. Бироқ, маҳкумнинг тақдири бўйича якуний қарор суд томонидан қабул қилинади, бунда жазони ижро этиш тизими маъмурияти унинг илтимосномасини белгиланган муддатда тақдим этиши керак.

2022 йил 26 сентябрда Сатибалди «Казактелеком» АК ва «ЦТС» АЖда ўта катта ҳажмдаги ўғирлик учун олти йилга озодликдан маҳрум этилганди. У жазони ўртача тартибдаги ахлоқ тузатиш муассасасида ўтамоқда. Шунингдек, унга 10 йил муддатга давлат хизматида лавозимларни эгаллаш тақиқланган.

Сатибалди ва жиноят иши бўйича бошқа айбланувчилар жабрланувчилар томони билан воситачилик келишуви тузиб, айбига иқрор бўлган ҳолда етказилган зарарни (жами 500 миллион доллардан ортиқ) қоплагани ҳақида аввал хабар берилган эди. Тадбиркор назоратидаги фирмалар «Казактелеком»нинг 28,8 фоиз улушини давлат мулкига қайтарган. 230 миллион доллардан ортиқ эксклюзив қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмлари ҳам республикага қайтарилган.

Сентябрь ойида Остона суди Қайрат Сатибалди ва унинг тўрт нафар шеригига нисбатан яна иккита жиноий эпизодни кўриб чиқишни бошлади. Судланувчилар пушаймон бўлгани ва етказилган зарарни қоплаганлиги сабабли кўриб чиқиш тезлаштирилган тартибда ўтказилмоқда, деб ёзади ORDA.kz. Афтидан, гап аввалроқ оммавий ахборот воситаларида тилга олинган солиқ тўлашдан бўйин товлаш, пул ювиш ва рейдлар билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида бормоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ