Тошкентлик тадбиркор Салим Абдувалиев ноқонуний қурол сақлашда гумон қилинмоқда

Салим Абдувалиев. Тошкент ИИББ матбуот хизмати фотосурати

«Салимбой» ёки «Салимбойвачча» номи билан танилган тошкентлик тадбиркор Салим Абдувалиев ноқонуний қурол сақлаганликда гумонланувчи шахс сифатида қўлга олинди. Бу ҳақда 5 декабрь куни Ўзбекистон пойтахти Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) матбуот хизмати хабар берди.

73 ёшли тадбиркор республика Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми («Ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш») да назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилиниб, процессуал тартибда ушланган.

ИИББ бошқа тафсилотларни келтирмаган ва Абдувалиевга нисбатан қандай эҳтиёт чораси танланганига аниқлик киритмаган.

Бошқарма матбуот хизмати тадбиркор жиноий фаолиятда гумон қилинган бир неча шахслар қаторида қўлга олинганини маълум қилади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари республика пойтахти ва бошқа шаҳарларида криминоген вазиятни яхшилаш мақсадида тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилаётганини эслатди.

Таъкидлаш жоиз, айрим ОАВлар ўз манбаларига таяниб, бир неча кун аввал Абдувалиевнинг ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатган эди. Бироқ, ўшанда Тошкент ҳуқуқ-тартибот идоралари бу маълумотга изоҳ бермаганди.

2 декабрь куни пойтахт ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари шаҳарда жиноятчилик ҳолатини яхшилаш бўйича тезкор профилактика чоралари кўрилаётгани ҳақида фуқароларни огоҳлантирди. Бунинг ортидан бир неча криминал авторитетларнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Улар орасида «Сайидазиз медгородок» лақабли Саидазиз Саидалиев бор. Тергов маълумотларига кўра, у спортчи йигитларни жамлаб, таҳдид орқали одамлардан «қарзларини ундирган». Шунингдек, «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев катта миқдорда товламачиликда гумон қилиниб ҳибсга олингани хабар қилинди. Қудратуллаев, бундан ташқари, гиёҳванд моддаларни сақлашда айбланмоқда.

Кейинчалик Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси яна ўн кишининг ҳибсга олинганини маълум қилди. Уларнинг барчаси товламачилик ёки безорилик моддалари бўйича жиноят ишлари бўйича гумонланувчи сифатида жалб қилинган.

ℹ️ Салим Абдувалиев — постсовет ҳудудидаги энг машҳур меценат ва филантроплардан бири ҳисобланади. У жиноят оламининг вакили саналади, масалан, бир неча йил аввал АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси ўзининг дипломатик ёзишмаларида уни «ўзбек мафиясининг бошлиғи» деб атаган. Тадбиркор 1997 йилдан буён Ўзбекистон кураш ассоциациясига раҳбарлик қилиб келади. Абдувалиев 2015 йили «Дўстлик» ордени билан тақдирланган бўлса, 2021 йили «Хизмат кўрсатган спорт мураббийи» унвонига сазовор бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ