Қирғизистон президенти Садир Жапаров савдо патентларининг амал қилиш муддатини 2024 йил 1 июлгача узайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. 5 декабрь куни у Бишкекнинг «Дордой» бозорида тўпланган норози тадбиркорларга шундай баёнот берди, деб ёзади «Клооп» нашри.
Бозорга 500 дан ортиқ одам йиғилиб, давлат раҳбарини кутишган. Жапаров янги йилнинг 1 январидан мамлакатда патентлар бекор қилинмаслигини маълум қилиб, намойишчиларни тинчлантирди. Уларнинг муддати олти ойга узайтирилади. Бу вақт мобайнида мутасаддилар савдогарларнинг талабларини инобатга олган ҳолда солиқ ислоҳоти бўйича маслаҳатлашувлар ўтказади.
«Мен давлатда тартибни таъминлаш учун яратилган сиз ва ҳукумат ўртасидаги кўприкман. Мен икки кун ичида ҳамма нарсани ўрганиб чиқдим ва ҳамма нарсани ўзгаришсиз қолдиришни буюрдим. Кечагина билдимки, солиқ идораларининг ўзлари ҳам ҳали тайёр эмас экан», — деди президент.
Республика раҳбари, шунингдек сотувчилар солиқдан озод қилинадиган даромад чегараси – 15 миллион сўмгача (168 минг доллар) кўтарилиши мумкинлигини таъкидлади.
Ҳозирда иккита шарт мавжуд:
👉 йиллик товар айланмаси 8 миллион сўмдан (тахминан 90 минг доллар) кўп бўлмаган;
👉 назорат касса машинасидан (НКМ) мажбурий фойдаланиш.
Шунингдек, давлат раҳбари «Дордой» бозори ходимлари билан учрашувда мамлакатда режалаштирилган инқилоблар ва шу боис «айрим кучлар» вазиятни беқарорлаштириш учун савдогарлардан фойдаланмоқчи бўлгани ҳақида гапирди.
«Сиз ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилишга ҳаракат қиляпсиз. Сизни тушунаман <…> Лекин биздаги маълумотларга кўра, одамлар кўп бўлган пайтда вазиятдан фойдаланиб қолмоқчи бўлганлар бор. Уч-тўртта гуруҳ бор», — деди Жапаров.
Қайд этилишича, бозорга йиғилган оломон президентнинг бу сўзларини ғазабланган ҳайқириқлар билан қарши олган.
Бир кун аввал мамлакат Солиқ хизмати келаси йилнинг олти ойи давомида савдо билан шуғулланаётган тадбиркорларни ҳеч ким текширмаслигини ва жарима солмаслигини маълум қилганди. Бироқ, бу норма президент патентлар муддати узайтирилишини эълон қилишидан олдин тасдиқланган. Солиқ органи, шунингдек, манфаатдор шахсларга аппаратларни текин топшириш учун 30 мингта назорат-касса машинасини сотиб олиш ниятида эканини маълум қилганди.
Республика Вазирлар Маҳкамасининг патентларни бекор қилиш ва тадбиркорларни назорат-касса машиналаридан фойдаланиш мажбуриятини юклаш тўғрисидаги қарори сабаб бошланган митинглар бугун, 5 декабрь куни ҳам давом этди. Намойишлар Бишкекда – Максим Горький номидаги боғ ва «Дордой» бозорида, шунингдек Ўшдаги савдо мажмуаси ҳудудида бўлиб ўтди.
4 декабрь куни Садир Жапаров бозор савдогарларининг давом этаётган норозиликлари фонида патентларни бекор қилиш масаласини ўрганиш бўйича махсус комиссия тузишни буюргани хабар қилинганди. Мутахассислар бу вазиятда ким ҳақ эканини аниқлаши керак — тадбиркорларми ёки ҳукуматми.
ℹ️ Қирғизистон ҳукумати бир неча йиллардан бери бозор савдогарларини назорат-касса машиналари (НКМ), электрон товар-транспорт қоғозлари (ЭТТҚ) ва электрон-ҳисоб фактуралардан (ЭҲФ) фойдаланишга ундаб келади. Тадбиркорлар янгиликка салбий муносабатда бўлишмоқда – бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Бундан ташқари, 2024 йил 1 январдан бошлаб республикада савдо фаолияти учун патентларнинг амал қилишини тугатиш режалаштирилган эди.