Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан жиноий фаолият олиб борган яна ўн нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда бошқарма матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, уларнинг барчаси товламачилик ёки безорилик моддалари бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида гумонланувчи сифатида жалб қилинган.
ИИББ матбуот хизмати ҳибсга олинганлар рўйхатини тақдим этди:
✔️ Мирхожаев Мирсолих Миркамолович (1983 йили туғилган), Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми («Кўп миқдорда товламачилик») ва 277-моддаси 2-қисми («Бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик») да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда.
✔️ Шомуродов Лазиз Юнус ўғли (1995), — Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми («Кўп катта миқдорда товламачилик») ва 277-моддаси 2-қисми («Бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик»);
✔️ Самиев Шерзод Латифович (1980), — Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми («Кўп миқдорда товламачилик») ва 277-моддаси 2-қисми («Бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик»);
✔️ Акрамов Акрамжон Давлатбой ўғли (1991), ЖК 165-модда 3-қисми («Жуда кўп миқдорда товламачилик»);
✔️ Алиев Азизжон Вали ўғли (1996), ЖК 165-модда 3-қисми («Жуда кўп миқдорда товламачилик»);
✔️ Бобоназаров Равшан Абдурахмон ўғли (1995), ЖК 165-модда 3-қисми («Жуда кўп миқдорда товламачилик);
✔️ Муминов Беҳруз Холмурод ўғли (1995), ЖК 165-модда 3-қисми («Жуда кўп миқдорда товламачилик);
✔️ Юлдашев Анвар Бахтиёрович (1986), ЖК 277-модда 2-қисми («Бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик);
✔️ Умирзоков Дилшод Бурибаевич (1988), ЖК 277-модда 2-қисми («Бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик);
✔️ Усманов Сирожиддин Иномжон ўғли (1994), ЖК 277-модда 2-қисми («Бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик).
«Ушбу шахслар таҳдид ва куч ишлатиш йўли билан пул маблағларини қонунга хилоф равишда қўлга киритиш билан шуғулланган», — дейилади ҳуқуқ-тартибот идораси хабарида.
Гумонланувчилар ҳибсда. Ҳозирда тергов давом этмоқда.
Аввал хабар қилинганидек, Тошкент шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «кўча тўдалари» ва жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилмоқда. Тезкор чора-тадбирлар пойтахтда жиноятчилик ҳолатини яхшилашга қаратилган.
Мазкур тадбирлар доирасида ўтган ҳафтада Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан «Сайидазиз медгородок» лақаби билан машҳур Саидазиз Сайдалиев қўлга олинди. Бошқарма маълумотларига кўра, у ва яна бир қанча шахслар товламачилик иши бўйича гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган. Маълум бўлишича, улар таҳдид орқали одамлардан «қарзларини ундирган».
3 декабрь куни ИИББ «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва яна икки шахснинг катта миқдорда товламачиликда гумон қилиниб ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. Қудратуллаев, бундан ташқари, гиёҳванд моддаларни сақлашда айбланмоқда.
Фарғона вилоятида ҳам рейдлар ўтказилмоқда. Бу ерда, бир кун аввал Достон Халилов ҳибсга олинди, у хавфсизлик кучлари маълумотларига кўра, криминал авторитет ва «Бахти Тошкентский»нинг яқин шериги ҳисобланади. Аниқлик киритилишича, фарғоналик фуқаро Қирғизистонга қочишга уринган вақтда «Дўстлик» чегара назорат пунктида қўлга олинган.