«Казахстан темир жолы» (КТЖ) миллий компанияси AD Ports Group (Бирлашган Араб Амирликлари компанияси) билан қўшма корхона яратиш бўйича шартнома имзолади. Унинг фаолияти «Шимол-Жануб» халқаро транспорт йўлагини ривожлантириш, Каспий денгизидаги порт инфратузилмасини кенгайтириш ва савдо марказларини яратишга йўналтирилади, деб хабар беради КТЖ матбуот хизмати.
«КТЖ ва AD Ports Group ўртасидаги ҳамкорлик Қозоғистоннинг транспорт ва транзит салоҳиятини ривожлантириш, экспорт йўналишларини кўпайтириш ва Кўрфаз мамлакатларида қозоқ товарлари бозорини яратишга хизмат қилади», — дейилади хабарда.
«Портньюс» хабар беришича, 2006 йили ташкил этилган AD Ports Group логистикага ихтисослашган, порт инфратузилмаси, юк ташиш ва бункерлик корхоналарига эгалик қилади ва эркин иқтисодий зоналарни бошқаради. Бирлашган Араб Амирликларида 10 та терминалга эга.
Компания Қозоғистон портларини ривожлантириш ниятини 2023 йил бошида Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг БААга ташрифи чоғида билдирган эди. Август ойида араб гуруҳи Қозоғистоннинг Semurg Invest компанияси билан Курик портида дон терминали ва «Саржа» кўп функцияли денгиз терминалини қуриш бўйича ҳамкорликнинг асосий шартлари тўғрисида шартнома имзолаганди.
«Шимол-Жануб» халқаро транспорт йўлаги Евроосиёни Форс кўрфази, Африка ва Ҳиндистон билан боғлайди. Илгари Тўқаев 2027 йилга бориб унинг юк ўтказиш қобилияти камида 70 фоизга – 9 миллион тоннадан 15 миллион тоннагача ошиши кераклигини айтган эди.