Учта ёқилғи қуйиш шохобчаси ҳисоблагичлар ёрдамида 2,8 миллион долларлик газни ўғирлаган

sputniknews.uz сайти фотосурати

«Ўзэнергоинспекция» ва Тошкент шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган текширишлар давомида автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Давлатга 34,64 миллиард сўм (2,8 миллион доллар) миқдорида зарар етказилган, деб хабар беради Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Қоидабузарликлар учта ёқилғи қуйиш шохобчасида аниқланган: бири пойтахтнинг Бектемир туманида, яна иккитаси Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида жойлашган. Текширув натижаларига кўра, ушбу корхоналарда газнинг ҳақиқий сарфини камайтириб кўрсатиш мақсадида ҳисобга олиш приборини улаш тартиби ҳамда схемалари ўзгартирилганилиги маълум бўлган. Шундай қилиб, тадбиркорлар ҳисоблагичларни манипуляция қилиш орқали ҳақиқий газ сарфини сунъий равишда пасайтиришган.

Мутахассисларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, учта газ қуйиш шохобчаси жами давлатга 34,5 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказган. Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ ушбу фактлар бўйича барча материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистондаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида ресурслар ўғирланиши аввал ҳам қайд этилган. Масалан, 2019 йил декабрь ойида Энергетика вазирлиги томонидан ўтказилган текширувлар натижасида Тошкент, Қашқадарё, Сирдарё ва Бухоро вилоятларидаги газ қуйиш шохобчаларида 4,5 миллион доллардан ортиқ метан ўғирлангани аниқланган эди.

Қўшимча қилиш лозим, вазирлик маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-август ойларида табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 6305 та ҳолат аниқланган. Умумий зарар 390 миллиард сўмдан ошган. Бундай қоидабузарликларнинг аксарияти Андижон, Самарқанд, Навоий ва Тошкент вилоятларида қайд этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ