ОАВ: Тошкентда жиноятга алоқадор тадбиркор Салим Абдувалиев қўлга олинди

Салим Абдувалиев. newshub.uz. сайти фотосурати

Тошкентда ҳуқуқ-тартибот идораларининг махсус бўлинмаси ходимлари республикадаги энг нуфузли жиноятчилардан бири саналган, «Салимбой» ва «Салимбойвачча» лақаби билан танилган тадбиркор Салим Абдувалиевни қўлга олди. Бу ҳақда ELTUZ Телеграм канали вазиятдан хабардор ўз манбаларига таяниб хабар беради.

Манбаларга кўра, 1 декабрь куни кечқурун ИИВ махсус бўлинмаси тадбиркорнинг уйига «маски-шоу» деб аталган усулда тўсатдан бостириб кирган (кучишлатар тизими ходимларининг қора ниқобда ишлашига нисбат – «Фарғона» изоҳи). Абдувалиев ва унинг ёни бўлган яна бир қанча йигитлар автозакка ўтқазилиб, ички ишлар бўлинмасига олиб кетилган.

Кейинроқ айни канал Абдувалиевнинг аҳволи кескин ёмонлашгани ҳақида хабар берган. Шу муносабат билан 73 ёшли тадбиркор тез ёрдам машинасида «эски ТошМИ» ҳудудидаги шифохонага етказилган. Шифокорлар бир қатор муолажаларни амалга оширишган, жумладан, беморга томчилаб бериладиган дори юборишган, кейин уни уйига жўнатишган. Бироқ, йўлда тез ёрдам машинаси ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тўхтатилиб, қўлга олинган шахс пойтахт Ички ишлар бош бошқармасига олиб кетилган.

Шунингдек, ELTUZ хабарига кўра, жиноятга алоқадор яна бир нуфузли ўзбек тадбиркори Ғофур Раҳимов ҳам расмийлар томонидан қидирувга берилган. Айтилишича, хавфсизлик кучлари тадбиркорни на уйидан, на дачадан тополмаган. Нашрнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига кўра, Ғофуров ё Ўзбекистонни тарк этишга муваффақ бўлган ёки мамлакат ичида яширинган.

Абдувалиевнинг ҳибсга олиниши ва Раҳимовнинг қидирувга берилгани ҳақида Ички ишлар вазирлиги ёки бошқа тузилмалардан расмий маълумот берилмаганини алоҳида таъкидлаймиз.

Дарвоқе, пойтахт ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ростдан ҳам криминал авторитетлар пайига тушишган. 2 декабрь куни пойтахт ИИББ сайтида фуқароларга хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш борасида огоҳлантириш пайдо бўлган, чунки шаҳарда криминал ҳолатни яхшилаш бўйича тезкор профилактика тадбирлари бошланган.

Бунинг ортидан бир неча криминал етакчиларининг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Масалан, 2 декабрь куни «Сайидазиз медгородок» лақабли Саидазиз Саидалиев ҳибсга олингани, тергов маълумотларига кўра, у бир гуруҳ спортчиларни жамлаб, таҳдид орқали одамлардан «қарзларини ундирган»лиги маълум бўлган. Тошкентлик фуқарога нисбатан товламачилик моддаси бўйича жиноий иш очилган.

Кейинчалик маълум бўлишича, Дилшод Шарипов, Анвар Мирзахонов ва Бахтиёр Қудратиллаевлар ҳам товламачиликда гумонланиб, қўлга олинган. «Бахти Ташкентский» номи билан танилган Қудратиллаев катта миқдорда гиёҳванд моддаларни сақлашда айбланмоқда.

Маълумки, Фарғона вилоятида ҳам рейдлар ўтказилмоқда. Бу ерда қидирувда бўлган 40 га яқин шахс қўлга олиниб, беш килограммга яқин наркотик моддалар ва бир неча ўнлаб қурол-яроғ мусодара қилинган.

ℹ️ Салим Абдувалиев — постсовет ҳудудидаги энг машҳур меценат ва филантроплардан бири ҳисобланади. У жиноят оламининг вакили саналади, масалан, бир неча йил аввал АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси ўзининг дипломатик ёзишмаларида уни «ўзбек мафиясининг бошлиғи» деб атаган. Тадбиркор 1997 йилдан буён Ўзбекистон кураш ассоциациясига раҳбарлик қилиб келади.

ℹ️ Ғофур Раҳимов 2012 йилдан бери АҚШ санкциялари рўйхатида ва Ўзбекистонда қидирувда бўлган. 2018 йили унинг номи қидирувга берилганлар рўйхатидан олиб ташланган ва у Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) президенти этиб сайланган. Бироқ, кейинги йили Ғофуров AIBA бошқарувидан воз кечишга мажбур бўлган, зеро унинг мазкур лавозимга сайланиши Халқаро олимпия қўмитасининг норозилигига сабаб бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ