Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди блогер Олимжон Ҳайдаровни товламачилик, туҳмат ва ҳақорат қилишда айбдор деб топиб, саккиз йилга озодликдан маҳрум қилди. Ҳукм 1 декабрь куни эълон қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати.
Россияда туғилган, Turon mujdasi ва Turon valley media компаниялари директори Ҳайдаровнинг иши бир қанча айблов бандларидан иборат бўлган. Такрорий товламачилик ёки такроран, хавфли рецидивист томонидан содир этилган жиноят билан боғлиқ айблов (ЖК 165-моддаси 2-қисми «а» банди) якунда чиқариб ташланди.
Бироқ, суд блогерни қуйидаги моддаларда айбдор деб топди:
👉 Республика Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми (Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш);
👉 Жиноят кодекси 139-моддаси 3-қисмининг «а» банди (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш);
👉 Жиноят кодекси 140-моддаси 3-қисмининг «а» банди (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳақорат қилиш);
👉 Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «б» банди (кўп миқдорда товламачилик).
Ҳайдаровга нисбатан жиноятлар бирикмаси учун жазо тайинлаш ва ҳукмларни қўшиш қоидалари тўғрисидаги моддалар қўлланилди.
Натижада у саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳайдаров жазони умумий тартибли колонияларда ўтайди.
Бундан ташқари, Мажбурий ижро бюроси зиммасига ижтимоий тармоқлардаги О. Ҳайдаровга тегишли барча канал, саҳифа ва гуруҳларни ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг ўчирилиши (блокланиши)ни таъминлаш юклатилди.
Шунингдек, жабрланувчи томонидан жиноят оқибатида етказилган моддий зарар ундириш бўйича тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаганлиги сабабли, моддий ва маънавий зарар ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.
ℹ️ Олимжон Ҳайдаров 29 июль куни Қўқонда қўлга олинган. Тергов маълумотларига кўра, жорий йилнинг июнь ойида «Қўқон Истиқлол» савдо мажмуасига ёнғинни ўчириш учун келган ўт ўчириш машиналари етиб бора олмаганидан сўнг, блогер савдо расталари кенгайтирилиши муносабати билан савдо майдончалари қисқартирилгани ҳақида танқидий мақола тайёрлаган. Шундан сўнг, суд қарорида айтилишича, Ҳайдаров бозор раҳбарларини танқидий материаллар чоп этиш билан таҳдид қилиб, маълумот тарқатмаслик эвазига 10 минг доллар талаб қилган. Блогер 5000 доллар олган ва яна 2500 доллар олаётган пайтда қўлга олинган.
Ҳайдаров тергов изоляторига жойлаштирилган ва у шу заҳотиёқ норозилик сифатида очлик эълон қилган.
16 октябрь куни блогер иши бўйича тергов якунлангани ва барча материаллар судга тақдим этилгани маълум бўлди.
ℹ️ Олимжон Ҳайдаров аввал ҳам жавобгарликка тортилган. Ўтган йил декабрь ойида суд блогерни митинглар ўтказиш тартибини бузгани ва ёлғон маълумотлар тарқатгани учун 21 миллион сўм (1900 доллар) миқдорида жаримага тортган эди.